ЎзА Ўзбек

29.12.2016 12:24 Ёшларга оид давлат сиёсати

Билимдон ёшлар баҳси

Ўрта Чирчиқ туманида “Адолат" билимдони” кўрик-танловининг Тошкент вилояти босқичи бўлиб ўтди.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Тошкент вилояти кенгаши томонидан “Куч – адолатда!” лойиҳаси доирасида ташкил этилган танловда унинг туман ва шаҳар босқичларида энг яхши натижа қайд этган ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчиларидан иборат тўрт жамоа ўзаро баҳслашди.

Ёшларнинг ҳуқуқий, ижтимоий-сиёсий билимини ошириш, фаол фуқаролик позициясини янада мустаҳкамлаш, мустақил фикрлаш қобилияти ва нутқ маданиятини ўстириш мақсадида анъанавий ўтказиб келинаётган танловга қизиқиш йилдан-йилга ортмоқда. Буни танловнинг қуйи босқичларида вилоятда юзга яқин ёш иштирок этганида ҳам яққол кўриш мумкин.

Танловда иштирокчиларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги, “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги, “Таълим тўғрисида”ги ва "Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги ва бошқа қонунларига оид билимларни қай даражада эгаллаганига алоҳида эътибор қаратилди. Жамоалар “Сиёсий соҳадаги беллашув”, “Қонун ташаббускори” деб номланган савол-жавоб баҳслари ҳамда “Адолат тантана қилди!” мавзусидаги саҳна кўринишида ўз истеъдодини намойиш этди. 

– Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий жараёнларга оид саволларга тезкор ва аниқ жавоб қайтариб, биринчи ўринни эгаллаганимиздан хурсандмиз, – дейди Ўрта Чирчиқ туманининг “Парламент” жамоаси сардори Адолат Алиева. – Саҳна кўринишида суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар моҳиятини оддий ва тушунарли тарзда очиб беришга эътибор қилганимиз юқори баҳоланди. Энди танловнинг мамлакат босқичида ҳам муваффақиятли иштирок этишга ҳаракат қиламиз.

Икром Аввалбоев, ЎзА