ЎзА Ўзбек

31.12.2017 18:28 Ёшларга оид давлат сиёсати

Биламан, ота-онам тирик, лекин ёнимда эмас ...

Биламан, ота-онам тирик, лекин ёнимда эмас ...

Узоқ кутилган байрам – "Президент арчаси" тантаналари Навоий вилоятида ҳам зўр кўтаринкилик билан ўтказилмоқда.

Вилоят марказида ўтказилган байрам тадбирига Навоий шаҳридаги Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар, хизмат вазифасини ўташ чоғида ҳалок бўлган ҳарбийлар фарзандлари таклиф этилиб, Янги йил саргузаштлари ва турли эртак қаҳрамонлари иштирокида томошалар ташкил этилди.

– Президентимизнинг меҳри ва эътибори билан ҳеч кимдан кам бўлмай улғаймоқдаман, – дейди Навоий шаҳридаги Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси Шакар Юлиева. – Янги йилда Қорбобога шундай мазмунда хат йўлладим: "Бобожон, турли эртак китоблари ҳам керак, лекин энг муҳими, ота-онам, дўстларим соғ-саломат бўлса бас. Биламан, ота-онам тирик, бироқ мен билан бирга эмас. Бугун Президент арчаси тантанасида тенгдошларим кўзидаги хурсандчиликни кўриб мен ҳам қувондим. Отажон, онажон, афсус, шундай кезларда ёнимда бўлсангиз, бошқа ҳеч нарса сўрамас эдим сизлардан. Лекин мен хурсандман, чунки, мени нари тур демасдан, ажратмасдан, эъзозлаётган, бошимни силаб совғалар бераётган Президентим бор. Мен у киши истагандек зўр одам бўламан. Ўшанда балки ота-онам мени йўқлаб қолар-а, бобожон? Бобо, насиб қилса, ўшанда мен сизга кўп совғалар бераман, уларни ота-онаси ташлаб кетган болаларга берасиз. Ҳозир эса ўтинчим, ота-онам соғ-саломат бўлсин".

5 (4).JPG

Навоий шаҳрида ташкил этилган тантаналарда вилоят ҳокими Қ.Турсунов 225 нафар болага Президент совғаларини топширди. "Президент арчаси" тадбирлари, шунингдек, Зарафшон шаҳри ва бошқа туманларда ҳам ўтказилди. Навоий вилоятидан 344 нафар ўғил-қиз Президент совғасидан баҳраманд бўлди.


Нуриддин Раҳимов, ЎзА