ЎзА Ўзбек

18.02.2014 14:49 Ёшларга оид давлат сиёсати

Ҳарбий хизматчилар тантанали кузатилмоқда

Пойтахтимиздаги “Ватанга қасамёд” ҳайкали олдида Тошкент ҳарбий округининг ҳарбий қисмларидан бирида белгиланган хизмат муддатини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни тантанали равишда уйига кузатиш маросими бўлиб ўтди.

Ватан олдидаги муқаддас бурчини намунали ўтаган аскарларга фахрий ёрлиқлар, ҳарбий қисм қўмондонлигининг олий таълим муассасаларига имтиёзли ўқишга кириш имконини берадиган тавсияномалари топширилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳарбий хизматчилар иштирок этди.

Шу кунларда Президентимизнинг 2013 йил 20 декабрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ҳарбий қисмлар ва муассасаларда муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган аскарларни тантанали кузатиш маросимлари юксак савияда ташкил этилмоқда.

Тадбирда Президентимиз, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Олий Бош Қўмондони Ислом Каримов раҳнамолигида мустақиллик йилларида мамлакатимиз Қуролли Кучларида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани алоҳида таъкидланди. Жумладан, муддатли ҳарбий хизматни ўташ тизими такомиллаштирилди. Давлатимиз раҳбарининг 2012 йил 31 майда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқароларга имтиёзлар тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Мазкур қарорга мувофиқ, ҳарбий қисм қўмондонлигининг тавсияномаларини олган ёшлар мамлакатимиз олий ўқув юртларига киришда тўпланадиган энг юқори баллнинг 27 фоизи миқдоридаги имтиёзга эга бўлади.

– Армияда хизмат қилиш менинг болалик орзуим, – дейди Тоҳир Бўриев. – Келажакда Чирчиқ Олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юртига ўқишга кириб, профессионал ҳарбий хизматчи бўлмоқчиман. Ҳарбий қисм қўмондонлиги томонидан берилган тавсиянома олий ҳарбий билим юртига имтиёзли киришимга имкон беради. Тавсияномага сазовор бўлганлар сафида эканимдан хурсандман ва менга билдирилган ишончни оқлашга ҳаракат қиламан.


ЎзА, Р.Бондарчук, Асқар Ёқубов (сурат)