ЎзА Ўзбек

09.07.2014 15:43 Ёшларга оид давлат сиёсати

Ахборот хуружлари ва ёшлар маънавияти

Фарғонада вояга етмаганларни турли маънавий таҳдидлар ва ахборот хуружларидан ҳимоя қилиш масалаларига бағишланган республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.

Республика Маънавият тарғибот маркази, Миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий маркази, Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари, Фанлар академияси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссия, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда мутасадди ташкилотлар вакиллари, олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари иштирок этди.

Республика Маънавият тарғибот маркази раҳбари Қ.Қуронбоев ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида ёш авлодни миллий анъаналар, умуминсоний қадриятларга ҳурмат, она Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш, уларни маънавиятимизга ёт зарарли ғоялар таъсиридан ҳимоя қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади. Давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишлар самарадорлигини оширишда муҳим омил бўлаётир.

Бугун замонавий ахборот технологиялари ҳаётимизнинг барча жабҳаларига чуқур кириб бормоқда. Хусусан, интернет тармоғи энг оммабоп ва тезкор ахборот тарқатиш воситасига айланди. Мамлакатимизда интернетдан фойдаланувчиларнинг аксариятини ёшлар ташкил этади. Глобаллашув жараёни чуқурлашаётган, инсон онгини турли кучлар томонидан эгаллашга интилиш кучаяётган бугунги кунда ёш авлодни ижтимоий тармоқлардаги салбий ахборотлар таъсиридан асраш, ғоят муҳим вазифалардандир.

Анжуманда ўсиб келаётган авлодга мамлакатимизда амалга оширилаётган ёшларга оид давлат сиёсатининг асосларини кенг тушунтириш, йигит-қизларимизнинг онгу шуурига миллий қадриятларга эҳтиром туйғусини сингдириш, уларни “оммавий маданият”нинг аянчли оқибатларидан хабардор этиш масалаларига эътибор қаратилди.

Республика Маънавият тарғибот маркази ва “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг қатор лойиҳалари, маънавий-маърифий тадбирлари ёшларнинг сиёсий-ҳуқуқий маданиятини янада ошириш, уларнинг жамиятдан муносиб ўрин эгаллашида кўмаклашишга қаратилган. Тадбирда глобаллашув жараёнлари ва маънавий таҳдидлар, миллий қадриятларимизнинг инсон камолотида тутган ўрни каби мавзуларда маърузалар тингланди.

Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э.Боситхонова, Фарғона вилояти ҳокими Ш.Ғаниев сўзга чиқди.

ЎзА, М.Сулаймонов