Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

27.04.2017 11:59 Ёшларга оид давлат сиёсати

Акбарнинг голи жамоасини мамлакат босқичига олиб чиқди

Акбарнинг голи жамоасини мамлакат босқичига олиб чиқди Пойтахтимиздаги "Пахтакор" марказий стадионида олий таълим муассасалари ўртасида футбол бўйича "Камолот" кубоги"нинг Тошкент шаҳар босқичи якунланди.

Финалда Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети ва Тошкент ирригация ва мелиорация институти жамоалари ғолиблик учун майдонга тушди.

Дастлабки дақиқалардан ҳар иккала жамоа ҳужумкор ўйин намойиш этди. Биринчи бўлимнинг ўрталарида Тошкент ирригация ва мелиорация институти жамоасининг ярим ҳимоячиси Акбар Мустафоев узоқ масофадан рақиб дарвозасини аниқ нишонга олди.

Иккинчи бўлимда Тошкент давлат техника университети жамоаси бор эътиборини ҳужумга қаратган бўлса-да, ҳисобни ўзгартира олмади. Шу тариқа мазкур учрашув 1:0 ҳисобида якунланди.

– Мусобақанинг мамлакат босқичига чиққанимиздан хурсандмиз, – дейди Тошкент ирригация ва мелиорация институти талабаси А.Мустафоев. – Турнир давомида ҳеч бир ғалабага осонликча эришилгани йўқ. Айниқса, финал учрашувида стадионга йиғилган кўп минг сонли ишқибозларнинг кўз ўнгида тўп суриш ҳар бир ўйинчини ҳаяжонга солди. Жамоамиздаги ўзаро ҳамжиҳатлик, ғалабага бўлган ишонч бизни марра томон етаклади. Бундай тадбирлар биз, ёшларни ҳар томонлама тоблантириб, тенгдошларимиз билан ўзаро дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлашга ёрдам беради.

Жавоҳир Тошхўжаев, Муҳаммад Амин (сурат), ЎзА