ЎзА Ўзбек

29.11.2017 13:22 Ёшларга оид давлат сиёсати

Аграр тармоқда ёшлар иттифоқи ташкил этилди

Пойтахтимизда Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигидаги етакчилар кенгашининг таъсис йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда вазирлик тизимидаги барча ташкилот, муассаса ва корхоналар, Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, вилоятлар қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармалари ҳамда ирригация тизимлари ҳавза бошқармаларининг Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти етакчилари, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи марказий кенгаши ходимлари, иқтидорли ёшлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси –Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси Қ.Қуронбоев, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – қишлоқ ва сув хўжалиги вазири З.Мирзаев ва бошқалар мамлакатимизда ёшларнинг билим ва иқтидорини намоён этиши, юрт тараққиётига муносиб ҳисса қўшиши учун барча шарт-шароитлар яратиб берилаётганини алоҳида таъкидлади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 5 июлдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги фармони мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатини изчил ва самарали амалга ошириш, уларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини тубдан ислоҳ этишнинг янги босқичини бошлаб берди.

Йиғилишда Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигидаги етакчилар кенгаши раисини сайлаш масаласи кўриб чиқилди. Вазирликнинг бюджет ташкилотлари ва муассасаларини молиялаштириш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Р.Нуржанов мазкур кенгашнинг раиси этиб сайланди.

Келгусида ёшлар ўртасида аграр тармоқда фан ва техника ютуқларини, замонавий ресурслар ва сувни тежовчи агротехнологияларни, илғор маҳаллий ва хорижий тажрибаларни жорий қилишга доир тарғибот ишларини олиб бориш, қишлоқ хўжалигини жадал ҳамда мутаносиб равишда ривожлантириш, мамлакатимизнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, ишлаб чиқариш ва реализация қилишга жалб қилиш орқали ёшларнинг бандлиги ва даромадларини ошириш борасида қатор фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Йиғилиш доирасида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши ўртасида ёшлар масалалари соҳасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди.

Сайёра Шоева, ЎзА