ЎзА Ўзбек

07.06.2017 16:20 Ёшларга оид давлат сиёсати

Ўқувчилар ҳуқуқий билимларини синовдан ўтказди

Гулистонда академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ўртасида “Сиз қонунни биласизми?” кўрик-танловининг Сирдарё вилояти босқичи бўлиб ўтди.

Вилоят адлия, ички ишлар, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармалари, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган танловда 5 жамоа ғолиблик учун баҳслашди.

Президентимиз раҳнамолигида ёшларнинг ҳуқуқий билимини ошириш, бўш вақтини мазмунли ўтказиш, спорт билан мунтазам шуғулланиши учун яратилаётган шароит ва имкониятлар ҳеч кимдан кам бўлмаган баркамол авлодни вояга етказишда муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди.

Танлов шартларига кўра, иштирокчиларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Оила ва Меҳнат кодекслари ҳамда миллий қонунчилигимизга оид ҳуқуқий билимлари синовдан ўтказилди, тергов ва суд жараёнларига оид саҳна кўринишлари намойиш этилди.

Боёвут тумани енгил саноат ва агросервис касб-ҳунар коллежининг “Зиёкор” жамоаси ғолиб деб топилди ва танловнинг мамлакат босқичига йўлланма олди. Иккинчи ва учинчи ўринларга Гулистон давлат университети қошидаги 4-академик лицейнинг “Тараққиёт етакчилари”, Сардоба тумани ижтимоий-иқтисодиёт касб-ҳунар коллежининг “Ёш омбудсманлар” жамоаси сазовор бўлди.

Абдужаол Қаюмов, ЎзА