ЎзА Ўзбек

21.04.2014 19:03 Ватан маҳалладан бошланади

Ҳудудлар ривожида маҳалланинг ўрни

Самарқанд вилоятининг Пахтачи туманида “Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлими ходимлари ҳамда тумандаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти самарадорлигини оширишга бағишланган ўқув-амалий семинар бўлиб ўтди.

“Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқаруви, “Маҳалла зиёси” республика ўқув-услубий маркази ҳамда фонднинг вилоят бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Президентимиз раҳнамолигида “Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари” тамойили асосида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг жамият ҳаётидаги ўрни ва ролини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Хусусан, кейинги йилларда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг кўплаб ваколатлари маҳалла институтига берилиб, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда ҳам улар асосий бўғинга айланмоқда.

– Пахтачи туманини 2014-2016 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига мувофиқ ҳудудда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда, – дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими бошқаруви раиси Шавкат Жониқулов. – Дастурда фуқаролар йиғинлари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ислоҳотлар изчиллигини таъминлашда уларнинг фаолияти самарадорлигини кучайтириш ҳам кўзда тутилган. Бу маҳаллаларда фаолият кўрсатаётган ходимларнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий-ҳуқуқий, маърифий билимини янада мустаҳкамлаш ҳамда бошқарув маҳоратини оширишни тақозо этади. Мазкур ўқув семинари ҳам айнан шу мақсадга қаратилган.

Семинарда давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 21 йиллигига бағишланган тантанали маросим ҳамда 2013 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2014 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузаларида белгилаб берилган устувор вазифалар ижроси, янги таҳрирдаги “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”, “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида фуқаролар йиғини ва унинг кенгаши фаолиятини ташкил этиш масалалари юзасидан маърузалар тингланди.

Фуқаролар йиғинларида ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини мустаҳкамлаш, маҳаллаларда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, хотин-қизлар ва ёшларнинг бандлигини таъминлаш, фуқаролар йиғинлари қошидаги комиссиялар ишини самарали йўлга қўйиш, ижтимоий шериклик ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш бўйича тушунча ва тавсиялар берилди.


ЎзА, Ғ.Ҳасанов