ЎзА Ўзбек

16.04.2014 15:14 Ватан маҳалладан бошланади

Обод ва озода маҳаллалар

2011 йили пойтахтимизнинг Сергели туманидаги Ёрқин ҳаёт маҳалласи ҳудудидаги 12 гектарлик қаровсиз ерда боғ барпо этиш ташаббуси бошланган эди. Боққа ҳашар йўли билан экилган олча, шафтоли, олма каби мевали дарахтлар бу йил илк нишона кўрсатди.

– Ушбу боғдан кўриладиган фойда маҳалламиздаги кам таъминланган оилаларга кўмаклашиш, тўй ва маросимларни ўтказишга сарфланади, – дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Комил Худойбердиев. – Жорий йилда ҳудудимизни янада ободонлаштириш учун бир ярим минг тупдан зиёд мевали ва манзарали дарахт кўчати ўтқаздик. Шу билан бирга, минг тупдан ортиқ ранг-баранг гул ниҳоллари парваришланмоқда.

– Ободлик ҳар бир кишининг ўзи яшаб турган уйи, маҳалласидан бошланади, – дейди 80 ёшли Хайриддин Ҳожибеков. – Одамлар аҳил-иноқ яшаган жойда орасталик, файз-барака бўлади.

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида маҳалла институтини ривожлантириш, миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш ва янада бойитиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар инсон манфаатларини таъминлашга хизмат қилмоқда. Бунинг амалдаги самаралари юртимиздаги ҳар бир маҳалла ҳудудини ободонлаштириш, турар жойларни тоза сақлаш, йўллар ва кўчалар озодалигини таъминлаш борасидаги юмушларда намоён бўлаётир.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 6 мартдаги фармойиши мазкур саъй-ҳаракатларни янги босқичга кўтаришда дастуриламал бўлаётир. Унга мувофиқ мамлакатимизнинг барча ҳудудида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ойлиги уюшқоқлик билан ўтказилмоқда.

Айни вақтда 195 минг нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилаётган Сергели туманидаги 33 маҳаллада аҳоли турар жойлари, кўчалар, муассаса ва ташкилотлар атрофига 6 минг тупдан зиёд мевали ва манзарали дарахт кўчати, 12 минг тупдан ортиқ мавсумий ва кўпйиллик гул кўчати экилди. 17 мингдан зиёд манзарали дарахтга шакл берилиб, оқланди. Айни пайтда экилган ҳар бир кўчатнинг бир текис ўсиши назоратга олинган.

– Ободонлаштириш ишлари туфайли маҳалламиз тобора чирой очмоқда, – дейди Абдураҳмон Жомий номидаги маҳаллада яшовчи Тоҳир Раҳимов. – Йўл бўйлари кўкаламзорлаштирилиб, кўп қаватли уйлар атрофида замонавий болалар майдончалари қурилаётганидан барча мамнун. Бу болаларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, уларни соғлом турмуш тарзига жалб этиш, шу асосда саломатлиги ва маънавиятини юксалтиришга хизмат қилади.

Кўп қаватли уйларда баъзан йўлаклар қаровсиз қолиш ҳоллари кузатилади. Таъкидлаш жоизки, 8 минг нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилаётган мазкур маҳалла ҳудудидаги уйлар бўялган, атрофи ораста, лифтларнинг бенуқсон иши таъминланган. Шунингдек, қўриқланадиган олтита чиқиндихонанинг самарали ишлаши доимий жамоатчилик назоратида.

Маҳаллада аҳоли турмуш маданиятини юксалтириш борасида ҳам ибратли ишлар олиб борилаётир. Оилалар ўртасида тиббий, ҳуқуқий, экологик билимларни кенг тарғиб қилиш мақсадида турли маданий-маърифий тадбирлар, “Намунали уй”, “Намунали йўлак” каби кўрик-танловлар мунтазам ўтказилади.

– Ҳар ҳафта шанба ва якшанба кунлари аҳоли ҳудудни ободонлаштириш ишларига жалб этилаётир, – дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Дилором Ҳайдарова. – Натижада кўчалар ва уйлар атрофини тоза сақлашга эришилмоқда. Иситиш ва оқова сув тармоқлари тўлиқ таъмирланди.

Тумандаги маҳаллаларда эзгу ният билан томорқасида қўшимча даромад манбаи яратиб, ўғил-қизларига деҳқончилик сирларини ўргатаётган, ҳалол меҳнати билан фаровон ҳаёт кечираётган оилалар кўп.

– Тўққиз сотих ерда иссиқхона барпо этиб, помидор, бодринг, гул кўчатлари парваришламоқдамиз, – дейди Нўғай қўрғон маҳалласида истиқомат қилувчи Абдували Азизов. – Мавсумда 10 минг донадан зиёд гул кўчатини буюртма асосида етказиб бердик. Тез орада сабзавотларни сотувга чиқарамиз.

Дарҳақиқат, мазкур маҳаллада гул ўстиришга меҳр қўйган оилалар кўплаб учрайди. Масалан, Б.Пўлатовлар хонадонидаги бир сотихдан иборат иссиқхонада тувакда ўсадиган манзарали гулларнинг кўплаб тури етиштирилади. Л.Ёрмуҳамедовлар манзарали гуллар билан биргаликда атиргул кўчатлари етказиб бериш билан шуғулланади.

Халқимизда “Сариштали уй – фариштали уй” деган нақл бор. Ота-боболаримиз азалдан ўз юртини обод қилиш, ҳовлисини, маҳалласини тоза сақлашдек эзгу ишга алоҳида эътибор қаратган. Зеро, тинчлик-осойишталик, меҳр-оқибат, аҳиллик бўлган жойдан файзу барака аримайди. Одамлар бугунидан маъно топиб, эртанги кунига ишонч билан яшайди.


ЎзА, Сайёра Шоева, Отабек Мирсоатов (сурат)