ЎзА Ўзбек

23.05.2014 16:12 Ватан маҳалладан бошланади

Маслаҳатчи – маҳалла таянчи

Андижонда вилоят ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси ҳамда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими ҳамкорлигида “Маслаҳатчи – маҳалла таянчи ва ифтихори” мавзусида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Туман, шаҳар ҳокимлари ўринбосарлари, хотин-қизлар қўмиталари раислари, давлат ва жамоат ташкилотлари мутасаддилари, маҳалла фуқаролар йиғинларининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилари иштирок этган тадбирда Президентимиз раҳнамолигида ўзини ўзи бошқариш органларининг жамият бошқарувидаги роли, ваколати ва масъулиятини янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Бугунги кунда жойларда муаммоларни ўз вақтида ва самарали ҳал этиш, фуқароларнинг манфаатларини ҳимоя қилишда маҳалланинг таъсири ва аҳамияти ортиб бормоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2004 йил 25 майда қабул қилинган “Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони асосида маҳаллаларда диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи лавозимининг жорий этилиши аҳоли, айниқса, ёшлар тарбияси билан боғлиқ масалаларни ечиш, ижтимоий соҳаларнинг ҳаётимиздаги таъсири ва аҳамиятини ошириш, жойларда жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ишларни янги босқичга кўтаришда муҳим омил бўлди.

Маслаҳатчилар оилалар мустаҳкамлиги, ёшлар тарбияси каби муҳим масалалар, шунингдек, маънавий-маърифий тарғибот ишлари самарадорлигини оширишга муносиб ҳисса қўшмоқда. Бунда уларнинг сиёсий-ижтимоий, ҳуқуқий билими, маънавий-маърифий дунёқараши, жамоатчилик билан ишлашдаги ҳаётий тажрибаси қўл келмоқда.

– Фуқаролар йиғинларининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилари, хусусан, “Маслаҳатчи мактаби” тузилмаси фаолияти маҳалла ҳаётида муҳим роль ўйнамоқда, – дейди Андижон вилояти ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзурахон Юнусова. – Бугун вилоятда 868 нафар маслаҳатчи фаолият кўрсатмоқда. Етарли билим ва тажрибага эга, эл-юрт ҳурматини қозонган, ўз вазифасини сидқидилдан адо этаётган ана шу фидойи аёллар томонидан маҳаллаларда маънавий муҳит барқарорлиги, оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, ёш авлод тарбияси борасида олиб борилаётган ишлар ўз самараларини бермоқда. Хусусан, кейинги йилларда маҳаллаларда вояга етмаганлар, аёллар ўртасида жиноят содир этиш, ҳуқуқбузарлик ҳолатлари кескин камайди.

Анжуман иштирокчилари томонидан юқоридаги масалалар, шунингдек, ушбу йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш, илғор тажриба ва иш услубларини оммалаштириш юзасидан таклиф ва фикр-мулоҳазалар билдирилди. Намунали фаолият олиб бораётган бир гуруҳ маслаҳатчиларга фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.


ЎзА, Ф.Убайдуллаев