ЎзА Ўзбек

14.04.2014 17:30 Ватан маҳалладан бошланади

Маҳалладан бошланар Ватан

Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги Андижон вилоят мусиқали драма ва комедия театрида маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, ҳаётимизга турли ёт ғоялар кириб келишининг олдини олишга бағишланган семинар бўлиб ўтди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Хотин-қизлар қўмитаси ва “Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқаруви ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда хотин-қизлар қўмиталари фаоллари, маҳалла маслаҳатчилари, жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Мамлакатимизда тинчлик-осойишталикни сақлаш, аҳоли фаровонлигини юксалтириш, янги иш ўринлари яратиш, кам таъминланган оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлашдек аниқ манзилли тадбирларни амалга оширишда маҳалланинг аҳамияти тобора ортиб бормоқда.

Тадбирда Президентимиз раҳнамолигида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқаришнинг ноёб тизими бўлган маҳалла институтини ривожлантириш, унинг ваколатлари доирасини кенгайтириш ва нуфузини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Ўзбекистон Республикасининг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуни, Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 20 февралдаги йиғилиши баённомаси билан тасдиқланган “2014 йилда диний вазиятни янада соғломлаштириш, конфессиялар ва миллатлараро тотувликни мустаҳкамлашга доир чора-тадбирлар дастури” бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.

– Вилоятда 868 маҳалла фуқаролар йиғини фаолият кўрсатмоқда, – дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими раиси Икромиддин Валиев. – Оилаларда ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, аҳоли фаровонлигини юксалтириш, янги иш ўринлари яратиш, айниқса, хотин-қизлар ва ёшлар бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик ва касаначиликни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бугунги тадбир ҳам иштирокчиларга мавзу доирасидаги ишларни ташкил этиш ва маҳаллалардаги маънавий муҳит барқарорлигига салбий таъсир кўрсатувчи омилларни бартараф қилишга ёрдам беради.

Тадбирда диний экстремизм ва миссионерликка қарши кураш, миллий ва диний қадриятларимизни улуғлаш, ёшлар тарбияси, турмушимизда юзага келаётган иллатларнинг олдини олиш масалаларига оид маърузалар тингланди.

Семинарда иштирокчиларни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан батафсил жавоб қайтарилди.


ЎзA, Ф.Убайдуллаев