ЎзА Ўзбек

01.04.2014 11:16 Ватан маҳалладан бошланади

Маҳалла фаоллари малака оширди

“Маҳалла” хайрия жамоат фонди Самарқанд вилояти бўлими ва унинг шаҳар, туман бўлимлари ходимларининг малакасини ошириш мақсадида ўқув-семинар ўтказилди.

“Соғлом бола йили” Давлат дастури ижроси юзасидан фонднинг республика бошқаруви томонидан ташкил этилган тадбирда вилоятдаги давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, маънавият тарғиботчилари мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини янада такомиллаштириш юзасидан олиб борилаётган ишлар ҳақида сўз юритди.

Президентимизнинг “Юксак маънавият – енгилмас куч”, “Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида” асарларида баён этилган фикрларни аҳоли ўртасида кенг тарғиб этиш, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг йигирма бир йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги ва Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил якунларига бағишланган мажлисидаги маърузаларида белгилаб берилган устувор вазифаларни бажаришда фонднинг вилоят бўлими ва унинг туман, шаҳар бўлимлари, фуқаролар йиғинлари ходимлари зиммасига катта масъулият юклаши таъкидланди.

– Ўтган йили “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида” ва “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги қонунлар янги таҳрирда қабул қилинди, – дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими раиси Шавкат Жониқулов. – Мазкур ҳужжатларда фуқаролар йиғинларининг фаолият йўналишлари, аҳоли билан ишлаш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва бошқа масалалардаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгилаб берилган. Мазкур семинарда фонднинг вилоят бўлими ва унинг туман, шаҳар бўлимлари ходимлари бу борадаги билим ва кўникмаларини янада бойитиб, жойларда маҳалла оқсоқоллари, котиб ва маслаҳатчилар, посбонларга етказади, фаолиятини янгича асосда ташкил этади.

Икки кунлик ўқув машғулотларида “Соғлом бола йили” Давлат дастурида белгиланган вазифаларни амалга ошириш, “Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонун ижросини таъминлашда эътибор қаратилиши лозим бўлган масалалар, фонднинг қуйи тузилмалари ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида ҳужжатлар билан ишлаш ва ижро интизоми, маҳаллалар ҳузуридаги комиссиялар ишини самарали ташкил этиш, давлат бошқаруви органлари ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлик юзасидан мутахассисларнинг маърузалари тингланди.


ЎзА, Ғ.Ҳасанов