ЎзА Ўзбек

26.05.2014 17:13 Ватан маҳалладан бошланади

Маҳалла – ёшларни тарбиялаш маркази ва миллий демократия мактаби

Урганч шаҳрида “Баркамол авлодни тарбиялашда маҳалла институтининг роли” мавзусида халқаро давра суҳбати ўтказилди.

Тадбир “Маҳалла” хайрия жамоат фонди томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти ҳамда Марказий Осиё ва Кавказ давлатларини ўрганиш институти (Япония) билан ҳамкорликда ташкил этилди. Унда Германия, АҚШ, Франция, Жанубий Корея, Япония ва Россиядан экспертлар, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, вазирлик ва идоралар, давлат ҳамда жамоат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирок этди.

Давра суҳбати қатнашчилари томонидан баркамол авлодни тарбиялашга доир давлат сиёсатини амалга ошириш бўйича миллий тажриба, маҳалла институтини ривожлантириш ва мустаҳкамлашнинг ўзига хос хусусиятлари, ёшларни тарбиялашда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ролини янада ошириш масаласи батафсил муҳокама этилди.

Мамлакатимизда бу борада халқаро меъёрларга мос мустаҳкам қонунчилик базаси яратилган. Ўзбекистонда МДҲда биринчи бўлиб 1991 йилнинг ноябрида “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги қонун қабул қилинган. Унда ёшларга ғамхўрлик қилиш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, шахсий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш устувор йўналишлар сифатида белгиланган. Таълим тизимини замонавий стандартлар асосида тубдан ислоҳ этиш, жумладан, “Таълим тўғрисида”ги қонун ва Кадрлар тайёрлаш миллий дастурининг қабул қилиниши ва амалга оширилиши ёшларнинг ҳар томонлама билим олиши, касбий кўникмаларини шакллантириши, иқтидорини тўлиқ рўёбга чиқариши, уларни етук шахслар этиб тарбиялашда муҳим омил бўлмоқда.

Тадбир иштирокчилари Ўзбекистонда Оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза этишнинг миллий модели шакллангани ва унинг самарадорлиги халқаро миқёсда эътироф этилаётганини таъкидлади. Мустақиллик йилларида мамлакатимизда оналар ўлими 3,1 баробар, гўдаклар ўлими 3,2 баробарга камайди. “Она ва бола скрининги” дастурининг амалга оширилиши натижасида туғма нуқсонли болаларнинг дунёга келиши 2000 йилдан буён 1,8 марта камайди. Бугунги кунда болаларнинг 92 фоизи ривожланиш кўрсаткичлари бўйича Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти стандартларига тўла мос келади. “Save the Сhildren” халқаро ташкилоти рейтингига кўра, Ўзбекистон дунёда болалар саломатлиги тўғрисида энг кўп ғамхўрлик кўрсатилаётган ўнта мамлакат қаторидан жой олган.

Ёшларни спорт ва жисмоний тарбия билан шуғулланишга кенг жалб этиш баркамол авлодни тарбиялашнинг ажралмас таркибий қисмига айлангани қайд этилди. Мамлакатимизда спортни болалар ва ўсмирлар ўртасида оммалаштириш, соғлом турмуш тарзини кенг қарор топтириш бўйича самарали тизим яратилди. Нафақат шаҳарлар, балки энг чекка туманларда ҳам замонавий спорт мажмуалари барпо этилди. 2003-2013 йилларда 1800 дан зиёд спорт объекти ишга туширилди. Бу болаларнинг оммавий тарзда спорт билан доимий шуғулланишига ва уларнинг саломатлигини мустаҳкамлашга кўмаклашмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистонда икки миллионга яқин бола спортнинг 30 дан ортиқ тури билан мунтазам шуғулланмоқда. Ёшларни спортга янада кенг жалб қилиш мақсадида уч босқичдан иборат “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ва Универсиада мусобақалари ўтказилмоқда.

Давра суҳбати қатнашчилари “Соғлом бола йили” Давлат дастурига алоҳида эътибор қаратди. Ушбу дастурда болалар туғилиши, таълим-тарбияси, оилада соғлом муҳитни, унинг иқтисодий ва маънавий-ахлоқий асосларини мустаҳкамлаш, ижтимоий соҳа ривожига ажратилаётган маблағлар самарадорлигини ошириш билан боғлиқ барча масалалар ўз ифодасини топган. Уларнинг фикрича, ушбу вазифаларни оила, таълим муассасалари, соғлиқни сақлаш тизими, давлат ва жамоат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан яқин ҳамкорликда самарали ҳал этиш мумкин.

Марказий Осиё ва Кавказ давлатларини ўрганиш институтининг ижрочи директори Тецужи Танаканинг фикрича, “Соғлом бола йили” Давлат дастурида баркамол авлодни тарбиялашда маҳалла институтининг ролини ошириш, ҳуқуқ ҳамда имкониятларини кенгайтириш, оилалар, биринчи навбатда, ёш оилаларга ўз вақтида ва манзилли моддий ҳамда маънавий ёрдам кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилгани диққатга сазовордир. Бу Ўзбекистонда оилани ҳимоялаш, унинг фаровонлигини ошириш ва соғлом бола тарбиясини маҳаллалар иштирокисиз амалга ошириш мумкин эмаслигини яна бир бор тасдиқлайди.

– Ўзбекистонга тез-тез келиб тураман, шу боис истиқлол йилларида фуқаролик жамиятининг ушбу институти тубдан такомиллашиб бораётганининг гувоҳи бўлмоқдаман, – деди Т.Танака. – Бу борадаги ютуқлар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари давлат билан ўзаро ҳамкорлик қилиши ва қўллаб-қувватланишининг муҳимлигини яна бир бор исботламоқда. Хонқа туманидаги “Ойдин ҳаёт” маҳалласида бўлганимизда, маҳалла аҳли ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи ходимлари барча йўналишларда баҳамжиҳат меҳнат қилаётганликларига гувоҳ бўлдим. Бугун Ўзбекистонда шундай чиройли ва обод маҳаллалар борлиги, улар фуқаролик жамиятининг муҳим ва таъсирчан институти эканлиги мени лол қолдирди. Маҳалла нафақат фуқаролик жамиятининг асоси, балки катта демократия мактабидир. Ўтган йили фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига сайлов тўғрисида такомиллаштирилган қонунчилик асосида мамлакатингизда бўлиб ўтган сайлов якунларига кўра, аҳоли ўртасида обрў-эътиборга сазовор, катта ҳаётий тажрибага эга фуқаролар орасидан ўн мингга яқин фуқаролар йиғини раиси сайланди. Бугун улар ёшларни демократия ва қонун устуворлиги руҳида тарбиялашга салмоқли ҳисса қўшмоқда. Маҳалла миллат, жамиятнинг маънавий ва маданий қадриятларини асраб-авайлаш ва бойитиш билан бирга, мамлакатни модернизациялашга ҳам хизмат қилаётир. Хусусан, қадимги Хоразм қиёфаси, аҳоли турмуш тарзининг ўзгариб бораётгани ҳам бундан далолат беради ва биз бунга гувоҳ бўлмоқдамиз.

Давра суҳбатида баркамол авлодни тарбиялаш, ёшлар онгига миллий қадрият ва анъаналарни сингдириш, уларнинг ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга жалб этиш, ёшлар, шу жумладан, ёш оилалар муаммоларини ҳал этишда маҳаллалар алоҳида ўрин тутиши қайд этилди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 32-моддасида фуқаролар жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эга эканлиги мустаҳкамлаб қўйилган. Ушбу конституциявий норма миллий анъаналаримиз ва ўзбек маҳалласи тажрибаси ҳисобга олинган ҳолда ишлаб чиқилган ҳамда янги таҳрирда қабул қилинган “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги ҳамда “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларида ўз ифодасини топган.

Бугунги кунда қарийб 10 мингта ўзини ўзи бошқариш органи фуқароларнинг жамият ва давлат бошқарувида иштирок этишга оид конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати олиб бориш, ўз ҳудудида ижтимоий ва иқтисодий вазифаларни ҳал этишга ёрдам бериш, маданий-соғломлаштириш тадбирларини ўтказиш, давлат дастурларини ҳаётга татбиқ этиш каби кўплаб вазифаларни амалга оширмоқда.

– 2009 йилда ёзилган икки илмий мақоламда Ўзбекистондаги маҳалла институтининг маъно-моҳиятини очиб беришга ҳаракат қилдим, – деди Ханян университетининг Осиё-Тинч океани тадқиқотлари институти профессори Канг Бонг Ку (Жанубий Корея). – Давлат органлари билан ўзаро ҳамкорликни ва ижтимоий шерикликни таъминлаш маҳалланинг асосий вазифаси деб биламан. Маҳалла одамларнинг ҳаётий муҳим масалаларини ҳал этмоқда. Биз Хоразм вилоятида маҳалла қандай ишлаётгани, фуқаролар йиғинларининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилари, турли комиссияларининг фаолияти билан танишдик. Анъанавий қадриятларни асраб-авайлаш ва авлоддан авлодга етказиш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини оммалаштириш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш ҳам маҳалланинг муҳим вазифалари сирасига киради. Айрим ривожланаётган ва ривожланган давлатларда бундай институтларнинг йўқлиги сабабли ушбу масалалар самарали ҳал этилмаяпти. Ўзбекистоннинг бу борадаги тажрибаси улар учун фойдалидир. Маҳаллада биз ўзига ишонган, миллий ва умуминсоний қадриятларни, ўзбек халқининг тарихини эъзозлайдиган йигит-қизлар билан учрашдик. Улар ҳар томонлама билим олиб, ўз Ватанининг муносиб фуқаролари бўлиш ва унинг тараққиётига ҳисса қўшишга интилмоқда.

“Глобал илмий нашрлар” маркази директори, Нью-Йорк давлат университети профессори Парвиз Морвижнинг (АҚШ) таъкидлашича, маҳалла инсон ҳуқуқларини таъминлашда самарали омил вазифасини ўтамоқда, давлат бошқарувининг ўзига хос моделини ифода этиб, миллатлараро муносабатларни мустаҳкамлашга хизмат қилаётир. Бунинг натижасида жамият ва шахс манфаатларининг мувозанатига эришилмоқда.

– Менинг назаримда, маҳалла жамият манфаатларидан келиб чиққан ҳолда, аҳоли томонидан бошқариладиган ҳақиқий демократия институтидир. Унинг асосий вазифаси баркамол авлодни тарбиялаш, оилани мустаҳкамлашдан иборат. Ўзбекистонликлар маҳалла институти билан ҳақли равишда фахрланса арзийди. Бундай тажрибани чуқур ўрганиш ва тарғиб қилиш лозим. Ўзбек халқи онги ва ҳаётида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари қадрияти чуқур ўрнашганини маҳалла мисолида кўрдик. Ўзбекистонда ижтимоий соҳада оқилона сиёсат юритилмоқда ва шу орқали инсоннинг ҳуқуқлари тўлақонли амалга оширилмоқда. Ушбу ижтимоий ташаббуслар марказида фуқароларнинг қўллаб-қувватланишини кафолатлаётган маҳалла турибди. Шу нуқтаи назардан, маҳалла инсон ҳуқуқларининг тўла рўёбга чиқишини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга, – деди америкалик мутахассис.

Хорижий экспертларнинг фикрига кўра, маҳалла тўғрисидаги қонунчиликнинг ривожлантирилиши, жамоатчилик назорати механизмининг жорий этилиши, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни тараққий эттириш соҳасида маҳалла ваколатининг кенгайтирилиши халқ ҳокимиятини, мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида мазкур ижтимоий институт иштирокини фаоллаштириш йўлидаги муҳим қадамлардир. Улар маҳалла сайлов асосида ташкил этиладиган муҳим демократик институт эканини таъкидлади. Мунтазам равишда ўтказилиб келинаётган фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайлови фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва сиёсий-ҳуқуқий маданиятини ошириш борасида ҳақиқий демократия мактабига айланди.

Тадбирда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва давлат институтларининг турли жабҳаларда, хусусан, аҳоли, ёшларни иш билан таъминлаш, манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасидаги ҳамкорлиги ижобий самара бераётгани таъкидланди. “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги қонун ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 7 октябрдаги “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида маҳаллаларда тадбиркорликнинг янги шакллари – оилавий бизнес ва касаначиликни ривожлантиришнинг ҳуқуқий кафолатлари мустаҳкамланган ва амалий механизмлари яратилган.

Давра суҳбатида Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 19 июнда қабул қилинган “Баркамол авлодни тарбиялашда оила институти ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг таълим муассасалари билан ўзаро ҳамкорлигини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ёш авлодни тарбиялаш ва бунда маҳалла институтининг иштирокини кенгайтиришда янги босқични бошлаб бергани қайд этилди. Ушбу ҳужжатга биноан Халқ таълими вазирлиги тизимида “Оила-маҳалла-таълим муассасаси” жамоат кенгашлари тузилди.

– Ўзбекистонда оила, маҳалла, таълим муассасалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва давлат органларининг ўзаро ҳамкорлиги яхши йўлга қўйилган, – деди Франция Миллий ассамблеяси депутати, Миллий ассамблеядаги “Франция-Ўзбекистон” дўстлик гуруҳи раисининг ўринбосари Тьерри Мариани. – Уларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари билан жойларда кўплаб масалалар ҳал этилмоқда. Бундай тизим ўзбек халқининг ўзига хос хусусиятлари, менталитетини сақлаш, порлоқ келажакни яратишга кўмаклашади, деб ўйлайман. Маҳаллада яшаётган инсонларнинг бир-бирига ёрдам бериши, бир-бирини қўллаб-қувватлаши, аҳил-иноқ яшашга интилиши ҳайратга солди. Францияда маҳалла каби моддий кўмакка муҳтож фуқароларнинг аҳволини ўрганадиган, ҳақиқатан эҳтиёжмандларга манзилли ижтимоий мадад кўрсатишда давлатга ёрдамлашадиган ижтимоий институт мавжуд эмас. Бу борада Ўзбекистон тажрибасини ўрганиш биз учун ғоят муҳимдир.

Маҳалла давлатда бошқарув тизимини ривожлантириш, аҳолининг долзарб муаммоларини ҳал этишда алоҳида ўрин тутади. Бу давлат ва ҳудудий дастурларни самарали амалга оширишга шароит туғдирмоқда, фуқароларнинг қарор қабул қилиш жараёнида иштирок этиши учун имконият яратмоқда. Маҳалла институтини ривожлантириш ва унинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар аҳоли манфаатларига хизмат қилади.

Экспертларнинг фикрича, 1992 йил Президент Ислом Каримовнинг ташаббуси билан “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг ташкил этилиши мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ва маънавий-маърифий ҳаётида маҳалла институти нечоғли муҳим ўрин тутишининг эътирофидир. Ўтган йиллар мобайнида фонд фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан яқин ҳамкорликда баркамол авлодни тарбиялашда фаол иштирок этаётир, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида энг намунали фуқаролар йиғинларининг илғор тажрибасини жорий этиш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, маҳаллани хусусий тадбиркорлик ва оилавий бизнес марказига айлантиришга доир салмоқли ишларни амалга оширмоқда.

Ёшларни спортга кенг жалб қилиш, бунинг учун зарур шароит яратишга алоҳида аҳамият берилаётир. Биргина 2013 йилда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди кўмагида 900 дан зиёд болалар майдончаси капитал таъмирланди, 370 дан ортиқ янги майдонча барпо этилди. Жисмонан соғлом, маънан етук баркамол авлодни тарбиялаш мақсадида аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш бўйича 8 мингдан зиёд маърифий тадбир, 7,6 мингта спорт мусобақаси ўтказилди.

Маҳаллаларда “Маҳалламиз полвонлари”, “Футболимиз келажаги”, “Отам, онам ва мен – спортчилар оиласи” мусобақалари анъанавий ўтказиб келинмоқда, халқ ўйинлари қайта тикланмоқда. Бу ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликнинг олдини олишга ёрдам бераётир. Маҳаллаларда ўтказилаётган спорт беллашувлари самарасида йилдан-йилга кўплаб йигит-қизлар катта спортга йўлланма олмоқда, жаҳон спорт майдонларида юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилмоқда.

Тадбир доирасида “Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари” китоби тақдимоти ўтказилди ва “Ўзбекистонда маҳалла институти: тарихий тажриба ва замонавийлик” мавзусидаги ҳужжатли фильм намойиш этилди.

Мухтасар айтганда, халқаро давра суҳбати иштирокчилари Ўзбекистонда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари баркамол авлод тарбиясида муҳим ўрин тутаётгани ҳақида якдил фикрга келдилар. Улар мамлакатимиз ёшларга таянган ҳолда ўз келажаги ҳақида ғамхўрлик қилаётгани, замонавий фикрлайдиган янги авлодни халқ виждони ва миллий демократия мактаби сифатида эътироф этилган маҳалла институти қадриятлари руҳида тарбиялаётганини таъкидлади.


ЎзА, Сардор Тожиев, Аҳмад Шокиров, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат)