ЎзА Ўзбек

10.06.2014 17:25 Ватан маҳалладан бошланади

Ёшлар тарбияси ва маҳалла

Миллий матбуот марказида Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди томонидан “Ёшлар тарбияси, уларнинг замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллашида, эрта никоҳ ҳамда оилавий низоларнинг олдини олишда маҳалланинг вазифалари” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.

Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди бошқаруви раиси ўринбосари Г.Алимова, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари О.Парпибоева, Республика “Оила” илмий-амалий маркази директори ўринбосари Ҳ.Мамадалиева ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, уларни миллий анъана ва қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, бўш вақтини мазмунли ташкил этиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлади.

“Соғлом бола йили” Давлат дастури доирасида Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари, Халқ таълими, Ички ишлар вазирликлари, Хотин-қизлар қўмитаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази ҳамкорлигида соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш, ёшларни мустақил оилавий ҳаётга тайёрлаш мақсадида мунтазам тушунтириш ишлари ташкил этилмоқда. Бунинг натижасида ота-оналар томонидан никоҳ ёшига етмаган фарзандини эрта турмушга узатиш ёки уйлантиришга оид 270 ҳолат аниқланган ва тушунтириш ишларидан сўнг эрта никоҳларнинг олди олинган.

Фуқаролар йиғинлари ҳузуридаги “Ота-оналар университетлари” томонидан ёш авлод тарбиясидаги ҳуқуқий, маънавий-ахлоқий, физиологик билимларини ошириш бўйича ўқув-семинарлар, маърифий тадбирлар мунтазам ўтказилаётгани бу борадаги долзарб масалаларни ўз вақтида бартараф этишга хизмат қилмоқда. 2014 йилнинг биринчи чорагида маҳаллалардаги Яраштириш комиссиялари томонидан юзлаб оиладаги нотинчликларга барҳам берилгани бунинг ифодасидир.

Маҳаллалар, ўрта махсус ва умумтаълим муассасаларида ўқувчилар учун санъат, спорт ва касб-ҳунар тўгараклари фаолияти йўлга қўйилгани ўғил-қизларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишга имкон яратмоқда. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикасининг Тўрткўл, Мўйноқ, Тахтакўпир туманлари, Нукус шаҳри ва Андижон вилоятида “Ёшлар ижтимоий хизматлари” марказлари ташкил этилиб, уларда асосан кам таъминланган оилалар фарзандлари, ногирон ва туғма нуқсони бор болалар ҳамда тарбияси оғир ёшлар компьютер саводхонлиги, инглиз тили, мусиқа ва рақс, тўқувчилик, пазандалик сирларини ўрганмоқда. Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда болалар мусиқа ва санъат мактабларида ансамбллар ташкил этилиб, уларга иқтидорли ўқувчилар жалб этилган.

– Кичик корхоналар, ҳунармандлик, қандолат цехлари очиш орқали ёшларнинг бандлиги таъминланди, – дейди Зангиота тумани Келес шаҳридаги “Ободлик” маҳалла фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Ҳамида Аъзамова. – “Ораста қизлар” тўгараги машғулотларида қизларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, уларнинг тиббий-гигиеник, муомала маданиятини тўғри шакллантиришга интиляпмиз. Булар оилавий ажримлар, эрта никоҳ, ёшларни билиб-билмай жиноят кўчасига киришидек салбий ҳолатларнинг олдини олишда муҳим омил бўлмоқда.

Тадбирда журналистларнинг саволларига мутахассислар жавоб берди.


ЎзА, Н.Усмонова