ЎзА Ўзбек

03.07.2014 14:52 Ватан маҳалладан бошланади

Бир болага етти маҳалла ота-она

Маҳалла маслаҳатчисининг кутилмаган ташрифидан эр-хотин ҳайрон бўлиб, бир-бирига қаради. Салом-алик, ҳол-аҳвол сўрашганларидан сўнг маслаҳатчи келишининг сабабини айтди:

– Коллежларни битираётган йигит-қизлар бандлигини таъминлашга доимо катта эътибор бериб келинаётганидан хабарингиз бор. Ушбу масала билан бевосита хотин-қизлар қўмиталари, маҳалла фуқаролар йиғинлари жиддий шуғулланмоқда. Шунинг учун эрталабдан сизларни безовта қилдим. Қизингиз бу йил коллежни битирди. Уни қаерга ишга жойлаштирамиз, ўзининг қизиқиши нимада, сизларнинг фикрингиз қандай? Шуларни билиш учун келдим.

– Аввало, давлатимизга раҳмат, – деди ота. – Ҳам ўқитса, касб-ҳунарли қилсаю яна иш билан таъминлашни ҳам ўз зиммасига олса. Шу масалада кеча коллеж ўқитувчилари билан суҳбатлашдик. Бир нечта жойдаги иш ўринлари, имкониятлар ҳақида маълумот беришди. Қизим билан маслаҳатлашиб кўрдик. Тикувчиликка қизиқиши баланд. Имтиёзли кредитга тикув машинаси олса бўлар экан, қиз болага ҳунар яхши-да...

– Яхши, мен бу фикрингизни туман хотин-қизлар қўмитасига етказаман, – деди маслаҳатчи. – Ҳужжатларни тайёрлаш, кредит расмийлаштиришга ёрдам берамиз.

Самарқанд вилоятининг Пахтачи туманидаги “Ободон” маҳалласи хонадонларидан бирида бўлиб ўтган бу суҳбатда айтилган фикрлар бугун амалга ошди. Лекин шу биргина қиз эмас, тумандаги тиббиёт, педагогика ҳамда хизмат кўрсатиш ва сервис касб-ҳунар коллежларини битирадиган қизларнинг барчаси меҳнат фаолиятини бошлаши таълим муассасаси, фуқаролар йиғини ва ота-оналар эътиборида бўлди. Бу масалада ҳар бир жиҳат ҳисобга олиниб, якуний хулосага келинди.

– Битирувчи қизлар ҳақида маълумотларни тўплаб, уларнинг ўзлари, ота-оналари, ўқитувчилари билан бир неча марта суҳбатлашдик, – дейди “Ободон” маҳалла фуқаролар йиғини диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Нодира Деҳқонова. – Маҳалламиздаги кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, фермер хўжаликларида мавжуд иш ўринлари ҳисобини олдик. Ота-оналарга фарзанди доимий иш ўрни билан таъминланишини кафолатловчи сертификатлар берилди. Шу тарзда битирувчиларимизнинг аксарияти қишлоғимизда меҳнат фаолиятини бошлайдиган бўлди. Дилбар Ўринова билан Гулноза Шаманова банкдан имтиёзли кредит олиб, бири тикувчилик билан, иккинчиси аҳолига маиший хизмат кўрсатиш билан шуғулланмоқчи. Бу тизимнинг йўлга қўйилиши туфайли коллежлар ва ота-оналар, иш берувчи ташкилотлар билан ҳамкорлигимиз янада мустаҳкамланди. Муҳими, биргаликда ишласак, ёшлар ҳаёти билан боғлиқ кўплаб муаммоларга ечим топишимиз мумкинлигини англадик.

Юртимизда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчиларининг бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилиши, бандликка оид дастурларда коллеж битирувчилари учун иш ўринлари яратиш муҳим устувор йўналиш сифатида белгиланиши бугун ўз самарасини бермоқда. Меҳнат бозорига кириб келаётган ёшлар эгаллаган мутахассисликлари бўйича ишга жойлашиб, жамиятда ўз ўрнини топишга интилмоқда. Айниқса, битирувчи қизларни иш билан таъминлаш учун яратилаётган имконият ва қулайликлар уларнинг эртанги тақдири, келажагини белгилаб олишларида беқиёс аҳамият касб этмоқда.

– Жорий йилда туманимиздаги олтита касб-ҳунар коллежини 1 минг 603 қиз битирмоқда, – дейди Пахтачи тумани ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Замира Қувонова. – Уларни эгаллаётган мутахассислиги бўйича иш билан таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлган ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида таълим муассасалари, маҳалла фуқаролар йиғинлари, бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази, банклар билан ҳамкорликда иш олиб бордик. Ҳар бир коллеж ва маҳаллада битирувчи қизлар ҳақидаги маълумотлар жамланган махсус дафтарлар юритилди. Битирувчилар ва уларнинг ота-оналари билан бир неча марта суҳбат ўтказилди. Бунинг натижасида битирувчиларнинг қаерда ишлаши ёки тадбиркорлик билан шуғулланиши масаласи ҳал этилди. Жумладан, 259 нафар битирувчи банклардан кредит олиб, тикувчилик, маиший хизмат кўрсатиш, чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик, иссиқхона хўжалиги йўналишларида мустақил фаолият юритиш ниятида. Ҳозир уларнинг аксариятига банклар томонидан кредитлар ажратилди.

ЎзА, Ғ.Ҳасанов