ЎзА Ўзбек

07.01.2016 11:29 Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

Жасорат ва матонат мактаби

Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳридаги офицерлар уйида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг 24 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

Президентимизнинг 2015 йил 9 декабрдаги “Ватан ҳимоячилари куни байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги фармойишига асосан Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги томонидан ташкил этилган тадбирда ҳарбий хизматчилар, фахрийлар, жамоатчилик вакиллари ҳамда ўқувчи-ёшлар иштирок этди.

Мамлакатимизда ҳарбий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ўзининг юксак самараларини бераётгани, ҳарбий қисм ва таълим муассасаларида ҳарбийлар учун барча зарур шароит яратилаётгани алоҳида таъкидланди.

Миллий армиямиз ёшларнинг иродасини тоблайдиган, уларни ўз Ватани ва халқига садоқат руҳида тарбиялайдиган жасорат ва матонат мактабига айланди. Ўғлонларимизнинг ҳарбий хизматга, бошқача айтганда, эл-юрт тинчлиги ва осойишталиги, осмонимиз мусаффолиги, сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлашга бўлган қизиқиш ва интилиши кучайди.

Конституциямизда Қуролли Кучларнинг ҳуқуқий мақоми аниқ белгилаб берилган. Ўзбекистон Республикасининг “Мудофаа тўғрисида”ги, “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги қонунлари Қуролли Кучларимиз ташкилий асосларини ўзида мужассам этган.

Мамлакатимиз мустақиллиги, хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини таъминлаш, барқарор ва изчил демократик тараққиётимизнинг ишончли кафолати бўлган миллий армиямизни янада такомиллаштириш йўлида улкан ишлар амалга оширилмоқда. Фуқароларнинг муддатли ҳарбий хизматни ўташ шарт-шароитлари яхшилангани, бир йилда бир марта чақирувнинг жорий этилгани аскарларнинг хизматни сифатли ўташи ва ҳарбий мутахассисликка ўқитиш бўйича дастурларни пухта ўзлаштириши, замонавий ахборот технологияларига оид билимини оширишга хизмат қилмоқда.

– Ватан ҳимоячилари куни олдидан ташкил этилаётган бундай тадбирларда мамлакатимиз Қуролли Кучларида амалга оширилаётган ўзгариш ва янгиликлардан хабардор бўлиш билан бирга, зиммамиздаги улкан масъулиятни ҳам янада теран ҳис қилмоқдамиз, – дейди Чирчиқ гарнизонидаги ҳарбий қисмлардан бирида ўз йигитлик бурчини ўтаётган аскар Санжар Турдиев. – Чунки давлатимиз томонидан ҳарбийларга катта имконият ва имтиёзлар берилган. Бу биздан ўз соҳамизнинг етук мутахассиси бўлиб, юртимиз тинчлиги, сарҳадларимиз дахлсизлиги учун фидойилик кўрсатиб хизмат қилишни тақозо этади.

“Таянчим ва суянчим, фахру ифтихоримсан, муқаддас Ватан!” шиори остида ўтказилган тадбирда таниқлисанъаткорлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ашула ва рақс ансамблининг концерт дастури намойиш этилди.

Бекзод Ҳидоятов, ЎзА