ЎзА Ўзбек

30.11.2017 14:47 Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

Юксак салоҳиятли аскарлар – сарҳадларимиз мустаҳкамлиги гарови

Юксак салоҳиятли аскарлар – сарҳадларимиз мустаҳкамлиги гарови Қарши шаҳридаги Миллий хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларига қарашли ҳарбий қисм ҳарбийлари замонавий шароитда хизмат вазифасини ўташ билан бирга, жисмоний ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириб бормоқда. Ҳарбий қисмда аскарларнинг китобхонлик маданиятини ошириш, маънавий-маърифий тадбирлардаги фаоллигини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Президентимизнинг 2017 йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.

1.jpg

Қисмдаги турли адабиётлар билан бойитилган маънавият хонаси, замонавий ахборот технологиялари билан жиҳозланган компьютер хонаси аскарлар ихтиёрида. Бундан ташқари, ҳарбий қисм томонидан бир неча олий ва ўрта махсус ўқув юртлари билан ўрнатилган ҳамкорлик доирасида ҳар ҳафта жума куни аскарлар белгиланган жадвал асосида мазкур ўқув юртларининг ахборот-ресурс марказларида китоб мутолааси билан машғул бўлади, таълим даргоҳларидаги дарс жараёни, талабалар ҳаёти билан танишади.

Бир гуруҳ ҳарбий хизматчиларнинг Қарши давлат университети ахборот-ресурс марказига ташрифи ҳам ана шу эзгу мақсад йўлида амалга оширилган тадбирлардан бири бўлди.

– Университетнинг китоб фонди жуда бой экан, – дейди оддий аскар Нурали Акбаров. – Исталган адабиётни электрон каталогдан бир зумда топиш мумкин. Ёшлигимдан жаҳон адабиётига қизиқаман. Бугун Александр Дюманинг "Иф қалъасининг маҳбуси" асарини ўқидим. Бадиий асарлар мутолааси маънавий камолотга элтади. Очиғи, кутубхоналарга келиб, ўзбек ва жаҳон адабиётининг дурдона асарларини мутолаа қилиш йўлга қўйилгани мен каби адабиётга қизиқувчи ҳарбий хизматчилар учун айни муддао бўлди. Бундай тизим иш самарадорлигини оширишга кўмаклашади.

Тадбир доирасида ҳарбий хизматчилар талабалар билан бир аудиторияда ўтириб, ўқув жараёнида ҳам иштирок этди, Конституциямиз ҳақидаги маърузаларни тинглади.

– Конституцияни ҳар бир фуқаро пухта билиши лозим, – дейди катта лейтенант Амируллохон Отахонов. – Чунки унда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, бурч ва мажбурияти мустаҳкамлаб қўйилган. Масалан, 52-моддасида “Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилиш – Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг бурчидир. Фуқаролар қонунда белгиланган тартибда ҳарбий ёки муқобил хизматни ўташга мажбурдирлар”, деб ёзиб қўйилган. Бу Ўзбекистон Республикасининг “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги қонунида ҳам белгиланган. Биз, офицерлар фаолиятимиз давомида бу каби норматив ҳужжатлар маъно-мазмунини аскарларга кенгроқ тушунтириб боришимиз лозим. Шу нуқтаи назардан, бугунги учрашув аскарлар учун жуда фойдали бўлди.

Тадбир давомида аскарлар университетда ташкил этилган Ҳаракатлар стратегияси хонасида ҳам бўлди, мутахассислар билан мулоқот қилиб, бу борадаги билимини мустаҳкамлади.

3.jpg

– Бугун 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳақида янада кенг тушунчага эга бўлдим, – дейди кичик сержант Фахриддин Ҳайитов. – Масалан, Ҳаракатлар стратегиясининг бешинчи йўналиши хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш ҳамда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсат соҳасидаги устувор йўналишларга бағишланган ва унда давлатнинг мудофаа қудратини мустаҳкамлаш, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг жанговар салоҳиятини ошириш борасида фикр юритилган. Бундан англашиладики, биз, ҳарбийлар ўз вазифамизга янада масъулият билан ёндашиб, нафақат ҳарбий салоҳиятимизни, балки интеллектуал қобилиятимизни ҳам муттасил ошириб, мамлакатимиз мудофаасини янада мустаҳкамлашга ҳисса қўшишимиз лозим. Шундагина Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаган бўламиз.

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА