ЎзА Ўзбек

09.02.2015 13:01 Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

Йигитлар ҳарбий хизматга йўл олди

Йигитлар ҳарбий хизматга йўл олди

Бухоро вилояти мудофаа ишлари бошқармаси йиғин пункти одатдагидан гавжум. Бу ерда муддатли ҳарбий хизматга отланаётган ёшларнинг дастлабки гуруҳини қатор ташкилотлар вакиллари ва ота-оналар иштирокида тантанали кузатиш маросими бўлиб ўтди.

Президентимизнинг 2014 йил 26 декабрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилган тадбирда вилоят ҳокими ўринбосари Ҳ.Ғойиров ва бошқалар мамлакатимиз Қуролли Кучлари сафида хизмат қилиш бугунги кунда ёшларимиз учун шон-шараф ишига айланганини алоҳида таъкидлади.

Яқинлари билан хайрлашаётган жондорлик Шаҳризодни суҳбатга тортдик.

– Аскар бўлишни болаликдан орзу қилардим, – дейди Шаҳризод Қаҳрамонов. – Ниятимга етганимдан хурсандман. Хизматда билдирилган ишончни оқлашга, эл-юртимиз тинчлиги ва осойишталигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшишга астойдил ҳаракат қиламан.

Кузатув маросимида куй-қўшиқлар янгради. Ҳарбий хизматга йўл олган бўлажак аскарларга эсдалик совғалари топширилди.

Эркин Ёдгоров, Тоҳир Истатов (сурат), ЎзА