ЎзА Ўзбек

05.02.2015 11:05 Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

Йигитлар ҳарбий хизматга йўл олди

Йигитлар ҳарбий хизматга йўл олди

Самарқанд вилояти мудофаа ишлари бошқармаси йиғин пунктида Президентимизнинг 2014 йил 26 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида”ги қарорига кўра муддатли ҳарбий хизматга чақирилган йигитларнинг дастлабки гуруҳини тантанали кузатиш маросими ўтказилди.

Вилоят ҳокимлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳарбийлар, чақирилувчиларнинг ота-оналари иштирок этган тадбирда Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимиз Қуролли Кучларида амалга оширилаётган ислоҳотлар юксак самаралар бераётгани таъкидланди. Муддатли ҳарбий хизматга чақирувнинг йилига бир марта амалга оширилиши, хизмат муддатларининг такомиллаштирилиши ҳамда ҳарбий хизматчиларга берилаётган имтиёзлар халқимизнинг миллий армиямизга бўлган муносабатини ўзгартирди, ишончини мустаҳкамлади. Бугунги кунда Қуролли Кучларимиз сафида хизмат қилиш фуқаролар учун нафақат конституциявий бурч, балки улкан шон-шараф ишига айланди.

– Бу йилги чақирув мавсуми ҳам вилоятда юксак савияда ташкил этилди, – дейди Самарқанд вилояти мудофаа ишлари бошқармаси бошлиғи Нодир Муқимов. – Барча туман ва шаҳар мудофаа ишлари бўлимларида, вилоят йиғин пунктида чақирилувчиларнинг саломатлиги, жисмоний ва интеллектуал салоҳиятини кўрикдан ўтказиш ва шу орқали энг муносиб йигитларни муддатли ҳарбий хизматга жалб этиш учун барча шароит яратилди. Давлат ва жамоат ташкилотлари вакилларидан иборат чақирув комиссиялари ҳар бир чақирилувчи билан суҳбатлашиб, уларнинг оилавий аҳволи, билим ва дунёқарашини ўрганмоқда. Барча синовлардан муваффақиятли ўтган, ҳар томонлама етук чақирилувчилар муддатли ҳарбий хизматга кузатилмоқда.

– Бугун энг катта орзуларимдан бири амалга ошиб, ҳарбий хизматга йўл олаётганимдан жуда хурсандман, – дейди пастдарғомлик чақирилувчи Наврўзбек Эсонов. – Миллий армиямиз сафларида албатта, ота-онам, халқимиз иншончини оқлаб, Ватанимизнинг муносиб ҳимоячиси бўлишни ўз олдимга мақсад қилиб қўйганман.

Маросимда ҳарбий хизматга йўл олаётган йигитларга вилоят ҳокимлигининг эсдалик совғалари топширилди.

Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат), ЎзА