ЎзА Ўзбек

23.06.2015 16:52 Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

Ёш офицерларга диплом топширилди

Ёш офицерларга диплом топширилди Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг олий ҳарбий таълим муассасалари битирувчиларига диплом ва кўкрак нишони топширилиб, лейтенант ҳарбий унвони берилмоқда.

Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги тизимида олтита асосий олий ҳарбий таълим муассасаси фаолият кўрсатмоқда. Президентимизнинг 2005 йил 19 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасида ҳарбий таълим тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармойишига мувофиқ, ушбу муассасаларда юқори касб кўникмаси ва интеллектуал салоҳиятга эга офицер кадрлар тайёрлаш бўйича самарали тизим йўлга қўйилган.

Мазкур ҳужжатга асосан олий ҳарбий таълим муассасаларида кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш, ҳарбий касб нуфузини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаётир. Қуролли Кучларимиз сафи юқори малакали мутахассислар билан кенгайиб бормоқда.

Буни Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юрти мисолида ҳам кўриш мумкин. Бу ерда курсантларнинг навбатдаги битирувига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирининг ўринбосари Б.Тошматов, Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юрти бошлиғи Ш.Икромов ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида Қуролли Кучларимизда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани самарасида миллий армиямиз йил сайин такомиллашиб бораётганини таъкидлади.

Болалигидан офицер бўлишни орзу қилган наманганлик Сардор Тоҳиров ўз мақсадига эришиш учун мактаб ва касб-ҳунар коллежини аъло баҳолар билан тамомлади, самбо бўйича спорт устаси бўлди. Бугун эса Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юртини имтиёзли диплом билан тугатиб, лейтенант унвонини олди.

– Акамга ҳавас қилиб ҳарбийликни танладим, – дейди С.Тоҳиров. – Касб-ҳунар коллежини битиргач, Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юртига ўқишга кирдим. Ўқиш даврида ўз йўлимни тўғри танлаганимга ишонч ҳосил қилдим.

Тошкент тиббиёт академияси ҳузуридаги ҳарбий-тиббиёт факультети битирувчиларига ҳам диплом ва кўкрак нишонлари топширилди. Қуролли Кучларимиз учун тиббий хизмат офицерлари тайёрлайдиган ягона ўқув юрти бўлган ушбу факультет 2012 йилда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги тиббиёт мутахассислари малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш маркази ҳамда Тошкент тиббиёт академиясининг ҳарбий кафедраси негизида ташкил этилган.

– Ўғлим Ватан ҳимоячилари сафида қасамёд қабул қилганидан жуда хурсандман, – дейди тиббий хизмат лейтенанти Аҳад Қаландаровнинг отаси Олим Қаландаров. – Ушбу таълим муассасасини тамомлаб, тиббиёт ходими деган шарафли касбни эгаллаганини кўриш биз, ота-оналар учун улкан бахтдир. Фарзандларимизга кўрсатилаётган бундай улкан эътибор ва ғамхўрлик учун давлатимиз раҳбаридан миннатдормиз.

Роман Бондарчук, Аъло Абдуллаев (сурат), ЎзА