ЎзА Ўзбек

26.08.2016 16:03 Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

Янгийўл туманида МХХ чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари янги уйга кўчиб ўтди

Янгийўл туманида МХХ чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари янги уйга кўчиб ўтди Ватанимиз мустақиллигининг йигирма беш йиллиги арафасида Тошкент вилояти Янгийўл туманидаЎзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати чегара қўшинларининг бир гуруҳ ҳарбий хизматчилари оилаларига мўлжалланган 18 хонадондан иборат замонавий кўп қаватли уй фойдаланишга топширилди.

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Ислом Каримов раҳнамолигида замонавий қурол-яроғ ва техника, етук ҳарбий мутахассислар билан таъминланган миллий армиямизни барпо этиш йўлида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар мамлакатимиз мустақиллиги, хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини таъминлашда юксак самаралар бераётгани таъкидланди.

Ҳарбий хизматчиларни уй-жой билан таъминлашнинг тегишли дастури асосида ҳарбийлар оилаларини мустаҳкам ижтимоий ҳимоя қилиш самарадорлигини ошириш, замонавий лойиҳалар асосида ҳарбий шаҳарчалар барпо этиш, мавжудларини реконструкция қилиш, бундай турар жойларда хонадон эгалари эҳтиёжига тўла жавоб берадиган қулай ижтимоий-маиший шароит яратишга эътибор янада кучайтирилмоқда.

Президентимизнинг 2007 йил 14 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларини уй-жой билан таъминлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 31 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳарбий хизматчиларига узоқ муддатли ипотека кредитларидан фойдаланган ҳолда квартиралар сотиб олиш ва якка тартибдаги уй-жойлар қуриш учун ер участкалари ажратиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорлари бунда муҳим дастуриламал бўлаётир.

Ушбу ҳужжатлар ижроси доирасида мамлакатимизнинг барча вилоятларида ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари учун кўплаб замонавий уй-жойлар, ётоқхоналар, таълим муассасалари, спорт мажмуалари ва бошқа инфратузилма объектлари қурилиб, фойдаланишга топширилмоқда.

Янгийўл тумани Гулбаҳор шаҳарчасида қад ростлаган замонавий уй ҳовлисида болалар спорт майдончаси ҳам барпо этилган.

– Ватан ҳимоячисининг хонадонида хотиржамлик бўлса, у ҳар қандай мураккаб топшириқни мардона бажара олади, – дейди Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати чегара қўшинларида хизмат қилаётган сержант Акром Холматов. – Бу борада биз, ҳарбий хизматчиларга барча шароит яратиб берилмоқда. Бугун оиламиз учун қувончли кун – барча шароитга эга, кенг ва ёруғ уйга кўчиб ўтдик. Турмуш ўртоғим ва фарзандларим қувончини кўриб, Ватан ҳимоячиси бўлганимдан фахрланиб кетдим. Бу хурсандчилик энг улуғ, энг азиз байрамимиз – Ватанимиз мустақиллигининг йигирма беш йиллиги арафасида бўлаётгани янада аҳамиятли. Доимий эътибор ва ғамхўрлик учун Президентимиздан миннатдормиз.

Тадбирда санъаткорлар томонидан концерт дастури намойиш этилди.

Икром Аввалбоев, Оқил Ғуломов (сурат), ЎзА