ЎзА Ўзбек

27.12.2016 14:31 Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

Ҳарбий хизматчилар Янги йилни янги уйларда кутиб олади

Ҳарбий хизматчилар Янги йилни янги уйларда кутиб олади Тошкент ҳарбий округида ҳарбий хизматчилар оилалари учун кўп қаватли уй реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари, маҳалла фаоллари, ёшлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири ўринбосари М.Солиев ва бошқалар мамлакатимизда замонавий қурол-яроғ ва техника, етук ҳарбий мутахассислар билан таъминланган миллий армиямизни шакллантириш, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оилаларини ижтимоий ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар Ватанимиз мустақиллиги, хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини таъминлашда юксак самаралар бераётганини таъкидлади.

Мамлакатимизда Ватан ҳимоячиларини уй-жой билан таъминлаш бўйича қабул қилинган тегишли давлат дастури доирасида замонавий уй-жойлар қуриш ва реконструкция қилиш ишлари изчил давом эттирилмоқда. Бунда замонавий лойиҳалар асосида ҳарбий шаҳарчалар барпо этиш, бугунги кун талабларига жавоб берадиган қулай ижтимоий-маиший шароит ва инфратузилма яратишга алоҳида эътибор қаратилаётир. Бу миллий армиямиз мудофаа салоҳияти юксалаётганининг ёрқин намунасидир.

Биринчи Президентимизнинг 2007 йил 14 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларини уй-жой билан таъминлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 31 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳарбий хизматчиларига узоқ муддатли ипотека кредитларидан фойдаланган ҳолда квартиралар сотиб олиш ва якка тартибдаги уй-жойлар қуриш учун ер участкалари ажратиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорлари бу борада муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилаётир. Бу каби эзгу ишлар самарасида мамлакатимизда 2007-2015 йилларга мўлжалланган давлат дастурига мувофиқ 6 мингга яқин ҳарбий хизматчи уй-жой билан таъминланди.

40 хонадонга мўлжалланган ушбу кўп қаватли турар жой биносининг атрофи ободонлаштирилди. Бу ерда яшовчи оилаларнинг фарзандлари учун бунёд этилган болалар майдончасига турли ўйин қурилмалари ўрнатилди.

Янги уй билан таъминланганлар орасида майор Мурод Пўлатов ҳам бор.

– Уй тўйига келган қариндош-уруғ ва яқинлар бизни қўшалоқ байрам билан табриклади, – дейди у. – Янги йилни янги уйда кутиб олиш барчамизнинг хурсандчилигимизни икки ҳисса ошириб юборди. Бундай эътибор ва ғамхўрлик биз, ҳарбийларни юртимиз тинчлиги, халқимиз осойишталиги йўлида янада масъулият билан хизмат қилишга ундайди.

Тадбирда санъаткорлар томонидан концерт дастури намойиш этилди.

Икром Аввалбоев, Оқил Ғуломов (сурат), ЎзА