ЎзА Ўзбек

12.01.2017 12:10 Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

Видеомулоқот аскарлар ва уларнинг ота-оналари учун байрам туҳфаси бўлди

Видеомулоқот аскарлар ва уларнинг ота-оналари учун байрам туҳфаси бўлди Наманганда Наманган ва Навоий вилоятларида йигитлик бурчини ўтаётган аскарлар ва уларнинг ота-оналари иштирокида “Менинг ўғлим – Ватан ҳимоячиси” деб номланган видеомулоқот бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Наманган ва Навоий вилоятлари ҳокимликлари ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда кенг жамоатчилик вакиллари, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг ота-оналари, шоир ва ёзувчилар, санъаткорлар, ёшлар иштирок этди.

Мамлакатимиз мудофаа тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарасида Қуролли Кучларимизнинг мустақиллигимиз, тинчлигимиз ва сарҳадларимиз дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш қудрати ошгани, ҳарбий хизмат ва ҳарбий хизматчиларга муносабат тубдан ўзгаргани, миллий армиямиз сафларида хизмат қилиш ёшлар учун юксак шон-шараф ишига айлангани таъкидланди.

Тадбирда замонавий ахборот технологиялари воситасида ота-оналар фарзандлари билан дийдорлашди, уларнинг аскарлик ҳаёти ва ҳарбий қисмда яратилган шароитлар билан танишди, байрам билан табриклади.

– Видеомулоқот аскарлар ва уларнинг ота-оналари учун байрам туҳфаси бўлди, – дейди Наманган вилояти ҳокими ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Ҳ.Юсупова. – Йигитлик бурчини ўтаётган фарзанди билан бевосита мулоқот қилиш ҳар қандай онанинг кўнглига хотиржамлик бахш этади. Бу каби тадбирлар юртдошларимиз, айниқса, ёшлар қалбида тинч-осойишта ҳаётга шукроналик, ҳарбий бурчга садоқат, Ватанга муҳаббат туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

– Ҳарбий либос ўғлимга жуда ярашибди, – дейди Ҳ.Искандарова. – Суҳбат чоғида унинг дунёқараши кенгайгани, фикри теранлашгани сезилиб турди. Фарзандларимизнинг бундай қатъиятида ҳарбийча тарбиянинг ҳам алоҳида ўрни бор.

Тадбирда аскарлар ва уларнинг оналарига эсдалик совғалари берилди. Видеомулоқот шоирлар, санъаткорлар ва ёшлар ижросидаги Ватанга садоқат, мардлик ва жасурлик мавзуларидаги куй-қўшиқлар, шеърлар билан янада завқли бўлди.

Акрамжон Сатторов, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА