ЎзА Ўзбек

11.02.2016 09:51 Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

“Ватанпарвар” ҳақиқий ватанпарварларни тарбияламоқда

Ёшларда интизом, қатъият, мардлик, матонат ва масъулият каби фазилатларни шакллантириш уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда муҳим ўрин тутади. Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти бўлажак аскарларни армияда хизмат қилишга жисмоний, маънавий ва техник тайёрлашга салмоқли ҳисса қўшмоқда.

Президентимизнинг 2008 йил 20 ноябрдаги «Фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида муддатли ҳарбий хизматни ўташ шарт-шароитларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилаётир.

“Ватанпарвар” ташкилоти марказий кенгаши раисининг ўринбосари М.Умаровнинг сўзларига кўра, ташкилотда Қуролли Кучларимиз учун техник мутахассислар тайёрлаш, спортнинг техник ва амалий турларини ривожлантириш ҳамда оммалаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. “Ватанпарвар” маҳаллий бошқарув органлари, давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялашга ҳисса қўшмоқда, ушбу йўналишда турли тадбирлар, танлов ва спорт мусобақалари ташкил қилмоқда.

Қуролли Кучларимиз сафида хизмат қилишга тайёрланаётган бўлажак аскарлар “Ватанпарвар” ташкилоти таркибига кирадиган 5 бирлашган техник ва 12 автомобиль мактабида 13 техник мутахассислик бўйича ўқитилмоқда. Бу ерда машғулотларни самарали ташкил этиш, танланган касб бўйича зарур амалий кўникмаларни эгаллаш учун барча шароит яратилган. Кенг ва ёруғ маъруза заллари ҳамда ўқув синфлари замонавий техника ва кўргазмали қуроллар билан жиҳозланган. Шунингдек, ушбу мактабларда амалий машғулотлар ўтказиш учун спорт майдонлари, тир, тўсиқларни енгиб ўтишга мўлжалланган мосламалар мавжуд.

“Ватанпарвар” ташкилоти ўқув муассасаларида картинг, автокросс, авторалли, айлана бўйлаб автомобиль пойгаси, автомобилда кўпкураш, мотокросс, триатлон, дуатлон, ҳарбий-амалий кўпкураш, ёзги биатлон, ўқ отиш, радиоалоқа каби турли техник ҳамда амалий спорт турлари, шунингдек, авиамодель, ракета модели ва кема модели спорти бўйича машғулотлар ўтказилади.

Айни пайтда барча вилоятларда армиямиз сафларига муддатли ҳарбий хизматга чақирилган йигитларни тантанали кузатиш маросимлари бўлиб ўтмоқда. Уларнинг аксарияти “Ватанпарвар” ташкилотида зарур мутахассисликлар бўйича тайёрланган.

Роман Бондарчук, ЎзА