ЎзА Ўзбек

10.01.2017 12:29 Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

Самарқандда Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган тадбир ўтказилди

Самарқанд гарнизони офицерлар уйида мамлакатимиз Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 25 йиллиги ҳамда 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан “Ўзбекистон – мустақил Ватанимиз, миллий армиямиз фахру ғуруримиз!” шиори остида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши раиси ўринбосари М.Умаров ва бошқалар Биринчи Президентимиз раҳнамолигида замонавий ҳарбий техника, қурол-яроғ ва малакали офицер кадрлар билан таъминланган, юртимиз тинчлиги, сарҳадларимиз дахлсизлиги ва халқимиз осойишталигини ҳимоя қилишга қодир миллий армиямиз шакллантирилганини таъкидлади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 20 декабрдаги фармойишига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 25 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунини юксак савияда нишонлашга қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Жойларда ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари учун маданий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда. Ҳарбийлар оилаларига давлат ва жамоат ташкилотлари томонидан моддий ва маънавий кўмак кўрсатилаётир.

– Бундай тадбирлар ҳарбий хизматчиларнинг нақадар шарафли ва юксак масъулиятли вазифани адо этаётгани, давлатимиз ва халқимизнинг доимий эътиборида эканини ҳис қилишига хизмат қилади, – дейди майор Р.Фатҳутдинов. – Ватан ҳимоячилари кунида биз, ҳарбийлар билан бирга оила аъзоларимизга ҳам алоҳида ҳурмат-эҳтиром кўрсатилади. Бундан барчамиз миннатдормиз ва Ватанимизга садоқат билан хизмат қиламиз.

Тадбирда Самарқанд гарнизони офицерлар бадиий жамоаси томонидан “Ватан омон бўлсин, Ватан бор бўлсин!” бадиий дастури намойиш этилди.

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА