ЎзА Ўзбек

13.01.2014 22:02 Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Маданият саройида Қуролли Кучларимизнинг 22 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган тантанали йиғилиш бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири, генерал-майор А.Аҳмедбоев ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида Қуролли Кучларимизда, шу жумладан, Ички ишлар вазирлиги тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар салмоқли натижалар бераётганини таъкидлади.

Мамлакатимизда ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш ва жиноятчиликка қарши кураш, жамоатчилик хавфсизлигини ҳимоя қилиш бўйича юқори самарали тизим яратилган. Ички ишлар органлари ходимлари ўз зиммасига юклатилган мажбуриятларни шараф билан адо этиб, мамлакатимизда тинчлик-осойишталик, қонунларга риоя этилишини таъминлаб, фуқароларимиз ҳаёти ва мулкини ҳимоя қилаётгани тадбирда алоҳида қайд этилди.

Тадбирда давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 10 январда қабул қилинган «Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, мудофаа ва фавқулодда вазиятлар вазирликлари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида»ги фармонига мувофиқ мамлакатимизнинг мудофаа қудратини янада юксалтириш, миллий хавфсизлик ва чегараларимиз дахлсизлигини таъминлаш, миллий манфаатларимизни ҳимоя қилиш борасидаги хизмат бурчини бажариш чоғида мардлик, жасорат ва фидойилик кўрсатгани учун бир гуруҳ ички ишлар органлари ходимларига давлат мукофотлари топширилди.

– Ички ишлар органлари ходимлари ўз бурчини сидқидилдан бажариб, Ватанимиз ва халқимизга хизмат қилмоқда, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги алоҳида вазифаларни бажарувчи сафарбар отряди командирининг ўринбосари, «Мардлик» ордени соҳиби, катта лейтенант Р.Жолшимов. – Мамлакатимиз тинчлиги ва халқимиз осойишталигини қўриқлаётган юзлаб ҳамкасбларим сингари мен учун ҳам офицерлик унвони юксак шарафдир. Давлатимиз раҳбарининг биз, ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларига кўрсатаётган ғамхўрлиги ва эътибори Ватанимиз тараққиёти учун бор куч-ғайратимизни аямасликка ундайди.

Тантанали йиғилиш катта байрам концерти билан якунланди.


ЎзА, Роман Бондарчук