ЎзА Ўзбек

10.01.2017 12:58 Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

Ватан ҳимоячиларининг муносиб издошлари

Тошкент вилоятининг қўшни давлатлар билан чегарадош ҳудудларида жойлашган коллежларда ўнга яқин “Ёш чегарачилар” клуби фаолият кўрсатмоқда.

Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, бу борада уларнинг билимини янада мустаҳкамлашга хизмат қилаётган мазкур клублар бугунги кунда ўз сафига 800 га яқин ўқувчи-ёшни бирлаштирган. Ёшларни жисмонан соғлом, маънан етук инсонлар қилиб улғайтириш, уларда Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат ва миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳини юксалтиришда бундай клубларнинг аҳамияти катта.

Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги, “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонунлари бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Оҳангарон туманидаги Санам транспорт ва сервис, Нуробод энергетика ва иқтисодиёт, Оҳангарон политехника касб-ҳунар коллежларида фаолият кўрсатаётган “Ёш чегарачилар” ҳарбий-ватанпарварлик клубларига аъзо бўлиш истагидаги ўқувчилар сафи йилдан-йилга кенгаймоқда.

– Ўқувчиларда ҳарбий-ватанпарварлик кўникмасини мустаҳкамлаш, уларнинг жисмоний, ижтимоий-сиёсий, ҳуқуқий тайёргарлигини ошириш, бўш вақтини мазмунли ташкил этишга хизмат қилаётган клубимизда барча шароит яратилган, – дейди Нуробод энергетика ва иқтисодиёт касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси, “Ёш чегарачи” ҳарбий-ватанпарварлик клуби раҳбари Ж.Отамуродов. – Клуб фаолияти доирасида аъзолар билан чегарачилар иштирокида ўтказилаётган учрашувлар, ёшларнинг ҳарбий қисмларда бўлиб, чегарачилар ҳаёти билан танишаётгани уларнинг соҳага қизиқишини янада оширмоқда.

Коллежнинг “Энергетика” жамоаси ўтган йили “Ёш чегарачилар” анъанавий ҳарбий-ватанпарварлик мусобақасининг мамлакат босқичида иккинчи ўринни эгаллади. Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати Давлат чегараларини ҳимоя қилувчи қўмитаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Маданият ва спорт ишлари, Соғлиқни сақлаш вазирликлари ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу мусобақадаги муваффақият коллежда таълим олаётган ҳарбийлик касбига қизиқувчи ёшлар сафи янада ортишига сабаб бўлди.

Ўтган йили ўқувчилар орасидан махсус синов асосида саралаб олинган клуб аъзолари 20 нафар бўлган бўлса, ҳозирги пайтда уларнинг сони 50 дан ошди. Шундан келиб чиқиб, дарсдан бўш вақтида жанговар тайёргарлик бўйича машғулотлар икки гуруҳда, ҳафтасига уч марта ташкил этилмоқда. Аъзолар машғулотларда фақат спорт билан шуғулланиб қолмай, интеллектуал билимларини мустаҳкамлашга ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда. Ҳарбий қисмларда ташкил этиладиган қизиқарли суҳбатлар, уларнинг ҳаёти билан яқиндан танишиш ўқувчиларда соҳага қизиқишни оширмоқда.

– “Ёш чегарачилар” клубига аъзоликни ҳарбий бўлиш учун ташланган илк дадил одим, деб биламан, – дейди “Энергетика” жамоаси сардори Шоҳрух Бердиев. – Клуб томонидан ташкил этилган ҳарбий машғулотларда мунтазам иштирок этган, тарих, чет тиллар, ижтимоий-сиёсий, ҳуқуқий тайёргарлик йўналишларида ўз билим ва маҳоратини синовдан ўтказган кўп йигитлар бугун юртимиз сарҳадларида чегараларимиз дахлсизлигини таъминлашга ҳисса қўшмоқда. Улар сафида жамоамизнинг ўтган йилги аъзоси, акам Фаррух Бердиев ҳам борлигидан фахрланаман.

“Ёш чегарачилар” ҳарбий-ватанпарварлик клублари ўқувчи-ёшларни ҳарбийлар ҳаёти, машғулотлар жараёни билан таништириш, уларда Ватан ҳимоячиси бўлишдек шарафли ва масъулиятли касбга меҳр уйғотишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Икром Аввалбоев, ЎзА