ЎзА Ўзбек

15.09.2015 15:04 Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

Ватан ҳимоячилари янги хонадон соҳиблари

Ватан ҳимоячилари янги хонадон соҳиблари Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш, замонавий, ҳар томонлама қулай, барча шарт-шароитга эга уй-жойлар, сифатли тиббий хизмат билан таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Ватан ҳимоячиларини уй-жой билан таъминлаш бўйича қабул қилинган давлат дастури доирасида замонавий уй-жойлар қуриш ва реконструкция қилиш ишлари изчил давом этмоқда.

Пойтахтимизнинг Юнусобод туманида Тошкент ҳарбий округининг бир гуруҳ ҳарбий хизматчилари ва уларнинг оила аъзоларига янги уйнинг калитлари тантанали топширилди.

Тадбирда ҳарбий округ қўмондонлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳарбий хизматчилар ҳамда уларнинг оила аъзолари Президентимиз раҳнамолигида Ватан ҳимоячиларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, хизматни ўташ ва яшаш жойларида шароитларни яхшилаш мақсадида улкан ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.

15c (2).JPG
Реконструкция ишларидан сўнг кўркам қиёфа касб этган мазкур замонавий турар жойда ҳарбийлар оилаларининг яшаши учун барча зарур шароитлар яратилган. Мактабгача таълим муассасаси, умумтаълим мактаби, спорт иншоотларининг яқинлиги ҳарбий хизматчилар фарзандлари учун қулайлик яратади.

– Оиласидан кўнгли тўқ кишининг ишида барака бўлади, – дейди ҳарбий хизматчи Фарҳод Ғаффоровнинг турмуш ўртоғи Дилдора Ғаффорова. – Янги хонадонимиз ҳар бир оила бекаси орзу қилганидек, ёруғ, шинам, ҳамма қулайликларга эга. Бундай ғамхўрлик учун Юртбошимиздан миннатдормиз.
Капитан Улуғбек Тошмуродов ҳам 3 хонали хонадон соҳиби бўлди.

– Давлатимиз раҳбари Ислом Каримов ташаббуси билан ҳарбий хизматчиларнинг яшаш шароитини янада яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди У.Тошмуродов. – Ана шу эътибор самарасида биз ҳам янги хонадонга кўчиб ўтдик. Юртимиз осойишталигини сақлашда, чегараларимиз дахлсизлигини таъминлашда бор куч-ғайратимизни аямаймиз.

Бехзод Бозоров, Аъло Абдуллаев (сурат), ЎзА