ЎзА Ўзбек

06.02.2015 18:21 Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

Ҳусниддиннинг орзуси ушалди

Президентимизнинг 2014 йил 26 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Сурхондарё вилоятида йигитларни ҳарбий хизматга тантанали кузатиш маросими бўлиб ўтди.

Сурхондарё вилояти мудофаа ишлари бошқармаси йиғин пунктида ташкил этилган тадбирда маҳаллий ҳокимият, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, фахрийлар ҳамда чақирилувчиларнинг ота-оналари иштирок этди.

Тадбирда Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимиз Қуролли Кучларида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар тинч-осойишта ва фаровон ҳаётимизни таъминлашда муҳим омил бўлаётгани таъкидланди.

Мустақиллик йилларида мамлакатимиз хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини таъминлашга қодир миллий армиямиз ҳамда ҳарбий хизматчиларни ижтимоий ҳимоя қилишнинг мустаҳкам ва ишончли тизими барпо этилди. Ҳарбий тузилмалар замонавий техника, қурол-яроғ ва етук мутахассислар билан таъминланиб, қисмларда соғлом муҳит яратилди. Сафларни тўлдириш таркиби такомиллашиб, муддатли ҳарбий хизмат бир йилгача қисқарди. Сафарбарлик чақирув мавсумини юқори савияда ўтказиш учун ёшларни муддатли ҳарбий хизматга чақирув ва йиғин пунктларининг инфратузилмаси тубдан янгиланди. Муддатли ҳарбий хизматга тест синовлари асосида жисмонан соғлом, маънан етук, мард ва жасур ўғлонларни саралаб олиш жорий этилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2008 йил 20 ноябрдаги “Фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида муддатли ҳарбий хизматни ўташ шарт-шароитларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.

– Муддатли ҳарбий хизматни олис ва совуқ ўлкаларда ўташимга тўғри келган, – дейди Шўрчи тумани Шакаркўл маҳалласидан хизматга чақирилган Жасур Боқиевнинг отаси Мажид Ҳамидов. – Ўша йилларни бугунги аскарларимиз ҳаёти билан таққослайдиган бўлсак, Президентимиз раҳнамолигида Ватан ҳимоячилари учун барча шароит ва имкониятлар яратилгани яққол намоён бўлади. Фарзандларимизни мана шундай замонавий армиямиз сафларига кузатаётганимиздан фахрланамиз.

Деновлик Ҳусниддин Шералиев болаликдан ҳарбий бўлишни орзу қилди. Спорт билан мунтазам шуғулланиб, жисмонан чиниқди. Денов енгил саноат касб-ҳунар коллежини муваффақиятли тугатиб, муддатли ҳарбий хизматга астойдил тайёргарлик кўрди.

– Чақирув мавсумида жисмоний тайёргарлик ва тест синовларидан етарли балл тўплаб, муддатли ҳарбий хизматга йўлланма олганимдан хурсандман, – дейди Ҳусниддин. – Йигитлик бурчимни аъло даражада ўтаб, пойтахтимиздаги ҳарбий ўқув юртида ўқишни давом эттирмоқчиман.

Маросимда ҳарбий хизматга йўл олган бўлажак аскарларга эсдалик совғалари топширилди.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА