ЎзА Ўзбек

12.01.2017 11:52 Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

Қуролли Кучлар фахрийлари ва курсантлар билан авлодлар учрашуви ўтказилди

Мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилотининг Жиззах вилояти кенгаши тасарруфидаги Жиззах автомобиль мактабида ўтказилган тадбир "Авлодлар учрашуви" деб номланди.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари фахрийлари, автомобиль мактабини битириб, ҳарбий хизматни ўтаётган аскарлар, курсантлар иштирок этган тадбирда ҳарбий хизмат ёшларнинг чинакам чиниқиш мактабига айлангани таъкидланди.

Жиззах автомобиль мактаби ёшларни ҳарбий-техник касбларга ўргатиш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ишига муносиб ҳисса қўшмоқда.

Мамлакатимиз Қуролли Кучларида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида “Ватанпарвар” ташкилоти таркибидаги ўқув марказлари, мактаблар, спорт клублари моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, таълим-тарғибот дастурлари такомиллаштирилди. Ёшларни ҳарбий хизматга тайёрлашга қаратилаётган алоҳида эътибор самарасида Жиззах автомобиль мактаби биноси таъмирланиб, синфхоналар, ўқув-машқ майдонлари замонавий жиҳозланди.

Автомобиль мактаби ҳар йили миллий армиямиз сафларига 150 ҳарбий ҳайдовчи, 50 ҳарбий чавандоз тайёрлаб бермоқда. Ташкилотнинг туман ва шаҳар автомобиль мактабларида 2 мингдан зиёд ёшлар ўқимоқда.

– Миллий армиямиз сафига ҳарбий хизматга бораётган ёшлар билан биз хизмат қилган даврни мутлақо таққослаб бўлмайди, – дейди Қуролли Кучлар фахрийси Асқар Шарипов. – Давлатимиз томонидан кўрсатилаётган эътибор туфайли фарзандларимиз ҳарбий хизматга ўрта махсус маълумотли, муайян касб эгаси бўлиб бормоқда. Бу уларнинг замонавий ҳарбий техникаларни ўзлаштириши, ҳарбий ҳаёт синовларидан муваффақиятли ўтишида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Тадбирда ҳарбий фахрийларга байрам совғалари топширилди. Автомобиль мактабини битириб, ҳарбий хизматни аъло даражада ўтаётган аскарлар ота-оналарига ташаккурнома билдирилди.

Тошқул Бекназаров, ЎзА