ЎзА Ўзбек

16.02.2016 12:24 Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

Унутилмас онлар

Унутилмас онлар Тошкент шаҳар мудофаа ишлари бошқармасида муддатли ҳарбий хизматга чақирилган йигитларни тантанали кузатиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, жамоат ташкилотлари вакиллари, ота-оналар бўлажак аскарларга йигитлик бурчини сидқидилдан адо этишларини тилади.

...Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янграйди. Ёш ҳарбий хизматчилар қалбини фахрланиш туйғуси чулғаб олади. Бу онлар ҳар бир ўғлон хотирасида бир умр сақланиб қолади.

Тошкент шаҳар мудофаа ишлари бошқармаси бошлиғи Э.Тоштемиров бугунги кунда ихчам, ҳаракатчан ва юқори мудофаа қобилиятига эга миллий армиямиз сафларида соғлом ва бақувват, ақл-заковатли, дунёқараши кенг, маънавий-психологик тайёргарликдан ўтган мард йигитлар хизмат қилаётганини таъкидлади.

Бунга Президентимиз раҳнамолигида ҳарбий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарасида эришилмоқда. Бугун Қуролли Кучларимизда хизмат қилиш ҳар бир ўғлоннинг эзгу орзуси, мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик, барқарорликни асраб-авайлаш уларнинг йигитлик бурчидир.

Баҳодир Комилов – ҳарбий хизматга чақирилганлардан бири. Бобоси, отаси ва акаси ҳарбий бўлгани боис Баҳодир ҳам уларнинг изидан бориб, оилавий анъанани давом эттиришни ўз олдига мақсад қилган.

– Бобомнинг Ватанни ҳимоя қилиш ҳар бир йигит учун шараф, деган сўзларини доимо эсимда тутаман, – дейди Баҳодир. – Ота-онам бизни ватанпарварлик ва туғилиб ўсган юртимизга садоқат руҳида тарбиялаган. Акам ва мен болалигимиздан ҳарбий хизматчи бўлишни орзу қилганмиз. Келажакда тиббиёт соҳасида билим олиб, ҳарбий шифокор бўлмоқчиман. Бу борада армия мен учун катта мактаб бўлади.

Тадбирда чақирилувчиларга эсдалик совғалари топширилди.

Роман Бондарчук, Темур Мамадаминов (сурат), ЎзА