ЎзА Ўзбек

23.06.2014 19:00 Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

Уч ҳарбийнинг онаси

Жиззах Олий ҳарбий авиация билим юртида навбатдаги битирувчиларга диплом топшириш маросими бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши раиси, Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзо ва бошқалар Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган ушбу олий ҳарбий билим юрти мамлакатимиз Қуролли Кучларини малакали ҳарбий мутахассислар билан таъминлашга муносиб ҳисса қўшаётганини таъкидлади. Билим юртини битирган авиация муҳандислари, вертолёт учувчилари ўз хизмат бурчларини шараф билан адо этишмоқда. Ҳарбий касбнинг бу соҳасига ёшларимиз орасида қизиқиш тобора ошиб бормоқда. Билим юртида бўлғуси офицерларнинг ҳарбий авиация илмини пухта ўзлаштириши учун барча шароит яратилган.

– Президентимиз таъкидлаганидек, ҳарбий хизмат сўзда эмас, балки амалда фарзандларимизнинг, ёшларимизнинг нуфузли, шон-шараф ишига айланиб бормоқда, – дейди битирувчи Азамат Тошматовнинг онаси Маҳбуба Жўраева. – Уч ўғлим ҳарбий касбни танлаган. Тўнғич ўғлим ушбу билим юртини битириб, ҳарбий соҳада хизмат қилмоқда. Иккинчиси, мана, бугун офицер сифатида Ватан ҳимоясига йўл олаётган бўлса, учинчиси шу ерда ўқишни давом эттирмоқда. Юртимиз тинчлиги, осмонимиз мусаффолигини қўриқлаётганлар сафида менинг ҳам ўғилларим борлигидан фахрланаман.

Тадбир якунида билим юрти курсантлари, ҳарбий оркестр ва санъаткорлар иштирокида бадиий дастур ҳамда ёш спортчиларнинг кўргазмали чиқишлари намойиш этилди.

Тадбирда Жиззах вилояти ҳокими С.Исмоилов сўзга чиқди.


ЎзА, Т.Бекназаров, Шерзод Назаров (сурат)