Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

12.01.2017 11:55 Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

Тошкент вилоятида янги ижтимоий-маиший объект фойдаланишга топширилди

Мамлакатимиз Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 25 йиллиги ҳамда 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни арафасида Тошкент ҳарбий округида жойлашган ҳарбий қисмлардан бирида янгидан бунёд этилган ижтимоий, маиший объект фойдаланишга топширилди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Тошкент ҳарбий округи қўшинлари қўмондони Л.Бузруков, Бўстонлиқ тумани ҳокими И.Ҳасанов ва бошқалар Биринчи Президентимиз раҳнамолигида замонавий ҳарбий техника, қурол-яроғ ва малакали кадрлар билан таъминланган, Ватанимиз тинчлиги, сарҳадларимиз дахлсизлиги ва халқимиз осойишталигини ҳимоя қилишга қодир миллий армиямиз шакллантирилганини таъкидлади.

Мамлакатимиз Қуролли Кучларида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида ҳарбий хизматчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг хизмат ҳамда яшаш шароитини янада яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

– Бугун Қуролли Кучларимиз сафларида Ватан учун кўксини қалқон қилишга ҳам тайёр мард ва жасур, ҳар томонлама чиниққан йигитлар хизмат қилмоқда, – дейди ҳарбий қисм командирининг шахсий таркиб билан ишлаш бўйича ўринбосари А.Бозоров. – Шинам ва озода ошхона, замонавий ётоқхона, кутубхона ва спорт майдончалари ҳарбий хизматчилар ихтиёрида. Компьютер ва бошқа кўргазмали қуроллар билан жиҳозланган ўқув-машғулот хоналари аскарларнинг соҳага оид билимини бойитишга хизмат қилади.

Тадбирда бир гуруҳ ҳарбий хизматчиларга Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони номидан “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига 25 йил” эсдалик нишони тантанали равишда топширилди.

– Байрамлар байрамларга уланиб кетгани бир хурсандчилик бўлса, кўксимга қадалган “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига 25 йил” эсдалик нишони қалбимда улкан ифтихор туйғусини юксалтирди, – дейди майор С.Исаев. – Ҳарбий хизматчиларга кўрсатилаётган бундай ғамхўрлик, эътибор тинчлик ва осойишталик, мустақиллигимизни мардона ҳимоя қилишда куч-ғайрат, матонат бағишлайди.

Таниқли санъаткорлар ва ёш ижрочилар иштирокидаги концерт тадбирга янада кўтаринкилик бағишлади.

Икром Аввалбоев, ЎзА