ЎзА Ўзбек

25.09.2015 18:10 Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

Тинчлик ва осойишталигимиз посбонлари

Сурхондарё вилоятида Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати Давлат чегараларини ҳимоя қилувчи қўмитанинг ҳарбий қисмлари ташкил топган кун байрамона руҳда кенг нишонланмоқда.

“Жалолиддин Мангуберди” орденли ҳарбий қисмда бўлиб ўтган ана шундай тадбирда Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Ислом Каримов раҳнамолигида миллий армиямизни такомиллаштириш, мамлакатимиз мустақиллиги, хавфсизлиги ҳамда ҳудудий яхлитлигини таъминлаш, ҳарбий хизматчиларни ижтимоий ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар обод ва фаровон ҳаёт барпо этишимизда юксак самаралар бераётгани алоҳида таъкидланди.

Президентимиз раҳнамолигида жаҳон талабларига жавоб берадиган, замонавий қурол-яроғ, техника ва етук ҳарбий мутахассисларга эга профессионал миллий армиямиз шакллантирилди. Қўшинларнинг сифат таркиби янгиланиб, сафларини тўлдириш тартиби такомиллашди. Муддатли ҳарбий хизматга жисмонан соғлом, маънан етук ва юксак интеллектуал салоҳиятли ёшларни саралаб олишнинг қулай тизими яратилди. Соҳада юз берган бундай ўзгариш ва янгиланишлар миллий армиямиз сафларида хизмат қилишни ҳар бир йигитнинг нафақат фуқаролик бурчи, балки юксак шон-шараф ишига айлантирди. Юртимиз сарҳадларида муддатли ҳарбий хизматни шараф билан ўтаётган оддий аскар Раҳимжон Иброҳимов ана шундай Ватан посбонларидан бири.

Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманидаги Шодлик маҳалласида униб-ўсган Раҳимжон болаликдан ҳарбий бўлишни орзу қилди. Шу мақсадда умумтаълим мактабида, коллежда аъло баҳоларга ўқиди, жисмонан чиниқди. Билимини мустаҳкамлаб борди. Сафарбарлик мавсумида синовлардан муваффақиятли ўтиб, жанубий сарҳадларимизни қўриқлаш учун йўл олди.

– Муддатли ҳарбий хизмат мустақил ҳаёт йўлимни белгилаб берди, – дейди оддий аскар Раҳимжон Иброҳимов. – Ватаннинг онадек улуғ ва муқаддаслигини, ҳар бир қарич тупроғи азиз ва мўътабарлигини аскарлик ҳаётимда янада чуқур англамоқдаман. Ота-онам, яқинларим, умуман, халқимизнинг осуда ҳаётини таъминлаш йўлида хизмат қилаётганимдан фахрланаман. Ҳарбий-тактик машғулотлар замонавий усулда олиб борилади. Чегараларимиз дахлсизлигини таъминлаш учун барча шароит ва қулайликлар яратилган.

Маълумки, илгари йигитларимиз муддатли ҳарбий хизматни Ўзбекистондан узоқларда, носоғлом маънавий муҳит ҳукмрон бўлган ҳарбий қисмларда ўташга мажбур эди. Оқибатда умрининг айни кучга тўлган икки йилини беҳуда, мазмунсиз ўтказарди. Шу боис ўша даврда муддатли ҳарбий хизматга бугунгидек истак ҳам, интилиш ҳам бўлмаган. Бугун кўп миллатли халқимиз тинчлиги, сарҳадларимиз дахлсизлигини асраш ишига муқаддас бурч ва юксак шараф сифатида қаралаётгани бир пайтлар Ўзбекистондан олис ўлкаларда аскарлик бурчини ўтаганларда ҳавас уйғотмоқда.

– Кўп йиллар ушбу ҳарбий қисмда хизмат қилдим. Бизнинг давримизда чегарачилар учун бундай шароит ҳам, эътибор ҳам йўқ эди, – дейди истеъфодаги иккинчи ранг капитани Даврон Рашидов. – Ҳар сафар байрам ва бошқа тадбирларга таклиф этишганида “қанийди, яна ёшариб қолсам-у, ўзимизнинг чегара қўшинларимизда, мана шундай шароитларда хизмат қилсам”, деган ўй хаёлимдан ўтади. Чунки бу ерда яратилган шароитлар ва ҳарбийларимизга кўрсатилаётган эътибор биз, кекса авлод вакиллари учун ушалмас орзу эди. Бугунгидек шароитларда хизмат қилишни тасаввур ҳам қилолмаганмиз. Бугун ҳарбий қисм ташкил топган куннинг катта байрам сифатида нишонланаётгани ҳам, шу муносабат билан хизмат вазифасини аъло даражада ўтаётган чегарачилар муносиб рағбатлантирилаётгани ҳам Президентимиз раҳнамолигида Қуролли Кучлар тизимида амалга оширилган ислоҳотлар, юртимиздаги тинчлик-осойишталик ва фаровонлик самарасидир.

Ҳарбий қисмда барча шароит яратилган. Шинам ва озода ошхона, алоҳида хоналардан иборат замонавий ётоқхона, кутубхона, спорт зали ва спорт майдончалари ҳарбийлар ихтиёрида. Ўқув-тактик машғулотларни ўтказиш хоналари компьютер ва бошқа кўргазмали қуроллар билан жиҳозланган.

Ҳарбий хизматчиларни маънавий қўллаб-қувватлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, “Энг илғор батальон командири”, “Энг илғор взвод командири”, “Энг илғор гуруҳ командири”, “Энг илғор алоқачи”, “Энг илғор ошпаз” каби кўрик-танловлар ўтказилиб, ғолиблар рағбатлантирилмоқда. Оддий аскар ва дарё чегарачилари ўртасида ўтказилаётган “Қувноқлар ва зукколар” баҳси, турли спорт мусобақалари муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган йигитларнинг билими ва жисмоний тайёргарлигини янада оширишга хизмат қилмоқда. Жорий йилда Қуролли Кучларимиз ўртасида ўтказилган “Қувноқлар ва зукколар” мусобақасида “Жалолиддин Мангуберди” орденли ҳарбий қисм чегарачилари биринчи ўринни қўлга киритгани бунга яққол мисолдир.

Жанубий сарҳадларимизда ҳамиша сергак туриб, юртимиз тинчлиги ва халқимиз фаровонлигини таъминлашга салмоқли ҳисса қўшаётган чегарачилар давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланмоқда.

Наманган вилояти Янгиқўрғон туманида туғилиб, вояга етган кичик сержант Аҳмадулла Тўрамирзаев сергак ва жасур чегарачилардан бири. Унинг шартнома асосида хизмат қилаётганига ўн беш йил бўлди. Кичик сержант А.Тўрамирзаевнинг Ватанимиз тинчлиги ва халқимиз осойишталигини таъминлашдаги хизматлари муносиб тақдирланди, 2007 йили Президентимиз фармонига асосан у “Жасорат” медали билан мукофотланди.

– Ватан олдидаги йигитлик бурчимни адо этаётганимдан, сафимиздаги ёшларни Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялашга ҳисса қўшаётганимдан фахрланаман, – дейди кичик сержант А.Тўрамирзаев. – Ҳарбий шаҳарчадаги барча шароитга эга замонавий уйда яшаймиз. Турмуш ўртоғим билан икки фарзандни вояга етказмоқдамиз.

Тадбирларда Ватанимиз тинчлиги ва халқимиз осойишталигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшаётган офицерлар, шартнома асосида хизмат қилаётган оддий аскар ва сержантлар, муддатли ҳарбий хизматчилар қимматбаҳо совғалар билан мукофотланди. Чегарачиларнинг кўргазмали чиқишлари намойиш этилди. Ватан, истиқлол, тинчлик, муҳаббат ва садоқатни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар янгради.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА