ЎзА Ўзбек

10.07.2015 20:10 Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

Тест синовлари топширилди

Тест синовлари топширилди Мамлакатимиздаги барча олий ҳарбий таълим муассасаларида бўлгани каби Самарқанд олий ҳарбий автомобиль қўмондонлик-муҳандислик билим юртида ҳам абитуриентлар давлат тест синовларини топширди.

Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимиз Қуролли Кучларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида профессионал миллий армиямиз учун юқори малакали офицер кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда юртимиздаги олий ҳарбий таълим муассасалари моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, курсантлар учун барча шароит яратилмоқда.

– Миллий армиямиз учун юксак интеллектуал салоҳиятли, замонавий техника ва технологияларни пухта ўзлаштирган офицерлар тайёрланаётган билим юртимизда курсантларнинг етук мутахассис бўлиб етишиши учун барча имкониятлар мавжуд, – дейди подполковник Сувонқул Сойибназаров. – Олий ҳарбий таълим муассасамизда ўқиш истагида бўлган ёшлар сафи йил сайин кенгайиб бормоқда. Улар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 3 июндаги қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси олий ҳарбий таълим муассасаларига танлаш тартиби ва қабул қилиш қоидалари тўғрисида Низом” асосида ҳарбий-профессионал йўналиш, дастлабки танлаш, ҳарбий-профессионал танлаш ва тест синовлари бўйича сараланиб, ўқишга қабул қилинмоқда.

– Болалигимдан ҳарбий бўлишни орзу қилганман, – дейди абитуриент Аброржон Эштурдиев. – Бу орзуимга эришиш учун Самарқанд олий ҳарбий автомобиль қўмондонлик-муҳандислик билим юртини танладим. Бир неча босқичли синовлардан муваффақиятли ўтиб, бугун тест топшириш имкониятига эга бўлганимдан хурсандман. Насиб этса, мазкур билим юрти курсанти бўлиб, келажакда содиқ офицер бўламан.

Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат), ЎзА