Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

29.02.2016 11:04 Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

Тавсиянома муносибларга берилди

Тавсиянома муносибларга берилди Чирчиқ гарнизонидаги ҳарбий қисмларда муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган йигитларга мамлакатимиз олий таълим муассасаларига ўқишга киришда қўшимча имтиёз берадиган тавсияномалар топширилди.

Шу муносабат билан Чирчиқ гарнизони офицерлар уйида ташкил этилган тадбирда ҳарбий хизматчилар, ота-оналар, кенг жамоатчилик вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимиз Қуролли Кучларида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар жараёнида ҳарбий хизматчиларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани, муддатли ҳарбий хизматни ўташ жараёнида жанговар тайёргарлиги, намунали хулқи ва юксак интеллектуал салоҳияти билан сафдошларига ибрат бўлган йигитларга олий ўқув юртларига ўқишга киришда имтиёз берувчи тавсияномалар жорий этилгани таъкидланди.

Давлатимиз раҳбарининг 2012 йил 31 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқароларга имтиёзлар тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.

Мазкур ҳужжатга мувофиқ, ҳарбий қисм қўмондонлигининг тегишли тавсияномасига эга бўлган фуқароларга барча йўналиш ва мутахассисликлар бўйича мамлакатимиздаги олий ўқув юртларига ўқишга киришда тўплаш мумкин бўлган энг юқори баллнинг 27 фоизи миқдорида қўшимча балл шаклидаги имтиёз берилади.

– Тест саволларида биз, муддатли ҳарбий хизматчиларнинг жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик дастурларини қандай ўзлаштирганимиз якуний баҳоланди, – дейди наманганлик оддий аскар Наимжон Тўхтабоев. – Умумҳарбий, маънавий-маърифий тайёргарлик ва мантиқий саволларга аниқ ва тўғри жавоб бериб, бугун шундай имтиёзга эга бўлдим. Бундан унумли фойдаланиб, олий ҳарбий таълим муассасасига ўқишга кираман.

Бекзод Ҳидоятов, Оқил Ғуломов (сурат), ЎзА