ЎзА Ўзбек

23.02.2016 10:01 Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

Тавсиянома – муҳим имтиёз

Тавсиянома – муҳим имтиёз Марказий ҳарбий округнинг Самарқанд гарнизонида жойлашган ҳарбий қисмда муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, Қуролли Кучлар резервига бўшатилган аскарларнинг бир гуруҳига олий ўқув юртларига ўқишга киришда қўшимча имтиёз берувчи ҳарбий қисм қўмондонлигининг тавсияномасини топшириш ва уларни кузатишга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Президентимизнинг 2015 йил 23 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилган тадбирда ҳарбийхизматчилар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари қатнашди.

Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонининг шахсий таркиб билан ишлаш бўйича ўринбосари, подполковник С.Мамаюсупов ва бошқалар мамлакатимиз Қуролли Кучларида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар жараёнида ҳарбий хизматчиларни ижтимоий муҳофаза қилиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Давлатимиз раҳбарининг 2012 йил 31 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқароларга имтиёзлар тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида муддатли ҳарбий хизматни ўташ жараёнида билими, маънавий-маърифий тайёргарлиги билан сафдошларига намуна бўлган ҳамда белгиланган синовлардан муваффақиятли ўтган муддатли ҳарбий хизматчиларга олий ўқув юртига ўқишга киришда имтиёз берувчи тавсиянома берилиши ана шундай эътиборнинг ёрқин ифодасидир.

– Бир йиллик хизмат давомида конституциявий бурчимни адо этиш билан бирга, ҳарбий соҳага оид билимларимни оширдим, – дейди фарғоналик оддий аскар Муҳаммадюсуф Оламназаров. – Натижада тест синовларида юқори балл тўплаб, ҳарбий қисм қўмондонлигининг тавсияномасини олишга муваффақ бўлдим. Бу имтиёздан фойдаланиб, Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юртига ўқишга кирмоқчиман.

Қуролли Кучлар резервига бўшатилиб, уйига отланган йигитларга Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши ва жамоат ташкилотларининг эсдалик совғалари топширилди.

Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат), ЎзА