ЎзА Ўзбек

19.01.2016 16:01 Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

Тавсиянома энг муносибларга берилади

Тавсиянома энг муносибларга берилади Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳарбий қисм ва муассасаларида муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ёшлар давлат тест синовларини топширмоқда. Мазкур тест синовлари ҳарбий қисмлар қўмондонлигининг мамлакатимиз олий ўқув юртларига имтиёзли асосда ўқишга кириш имконини берадиган тавсияномасини олиш учун номзодларни саралашнинг якуний босқичидир.

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимиз Қуролли Кучларида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида ҳарбий хизматчиларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, муддатли ҳарбий хизматни ўташ жараёнида жанговар тайёргарлиги, намунали хулқи ва интеллектуал салоҳияти билан сафдошларига ибрат бўлган йигитларга олий ўқув юртларига ўқишга киришда имтиёз берувчи тавсияномалар жорий этилган.

Давлатимиз раҳбарининг 2012 йил 31 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқароларга имтиёзлар тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларга олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун тавсияномалар бериш ҳамда имтиёзларнинг рағбатлантирувчи омилларини кучайтиришдек эзгу мақсадларга йўналтирилгани билан аҳамиятлидир.

Қарорда тавсияномага эга бўлган фуқаролар барча йўналиш ва мутахассисликлар бўйича мамлакатимиздаги олий ўқув юртларига ўқишга киришда тўплаш мумкин бўлган энг юқори баллнинг 27 фоизи миқдорида қўшимча балл шаклидаги имтиёзга эга бўлади. Номзодлар бундай тавсияномани олиш учун жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик, ҳарбий интизом ва тест синовлари натижалари бўйича энг кўп балл тўплаши зарур.

Муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларга мамлакатимиз олий ўқув юртларига кириш учун тавсиянома бериш тартиби Мудофаа, Ички ишлар вазирликлари ҳамда Миллий хавфсизлик хизматининг қўшма қарорига биноан тасдиқланган махсус низом билан белгиланган. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази ҳарбий хизматчиларнинг жанговар ва маънавий тайёргарликка оид дастурларни ўзлаштириш даражаси ва билимини якуний баҳолаш учун масъул этиб тайинланган.

Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юртида Тошкент ҳарбий округи ҳудудида жойлашган ҳарбий қисм ва муассасаларда муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган юрт посбонлари ўз билимини синаб кўрди.

Тест синовлари мавзуга оид уч йўналиш – жанговар, маънавий-маърифий тайёргарлик ва мантиқий саволлардан иборат. Намунавий тест саволларида ҳарбий хизматчиларни тайёрлаш дастурлари, улар хизмат фаолиятининг ўзига хос хусусиятлари эътиборга олинган. Тест синовлари натижалари тегишли текширувдан ўтказилгач, ҳарбий қисм қўмондонлигига юборилади ва айнан шу маълумотлар муддатли ҳарбий хизматчиларни резервга бўшатиш жараёнида тавсияномалар беришда муҳим ўрин тутади.

– Муддатли ҳарбий хизматни ўташ чоғида ҳарбий соҳа асосий йўналишларини ўзида мужассам этган фанлар ҳамда ихтисосликлар, турли ижтимоий фанлар бўйича зарур билимга эга бўлмоқдамиз, – дейди оддий аскар Илҳомжон Қаҳҳоров. – Бугунги тест саволларига жавоб беришда ҳарбий хизмат давомида олган билим ва кўникмаларим қўл келди. Ҳарбий хизматни якунлаганимдан сўнг Тошкент ахборот технологиялари университетининг махсус факультетига ҳужжат топширмоқчиман. 

Тест синовлари мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам давом этмоқда.

Зиёдулла Жонибеков, Ёлқин Шамсиддинов (сурат), ЎзА