ЎзА Ўзбек

13.01.2017 14:53 Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

Талабалар жамоалари ўртасида “Шунқорлар” ҳарбий-спорт мусобақаси ўтказилди

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ҳарбий кафедраси ва спорт мажмуасида талабалар жамоалари ўртасида “Шунқорлар” ҳарбий-спорт мусобақаси бўлиб ўтди.

Мусобақа Президентимизнинг 2016 йил 20 декабрдаги Ватан ҳимоячилари куни ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 25 йиллиги байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисидаги фармойиши ижроси доирасида “Ўзбекистон – мустақил Ватанимиз, миллий армиямиз фахру ғуруримиз!” шиори остида ўтказилди.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ректори А.Мараҳимов ва бошқалар мамлакатимиз мудофаа қудратини янада ошириш, миллий армиямизга ҳар томонлама етук ёшларни жалб этиш, уларда мардлик, ишонч туйғуларини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Таълим муассасаларида ташкил этилаётган турли ҳарбий-спорт мусобақалари ёшларнинг иродасини мустаҳкамлаш, уларни ҳарбий хизматга тайёрлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Мазкур беллашув ҳам ёшларда ҳарбий-ватанпарварлик туйғусини, мардлик, қатъиятлилик фазилатларини янада мустаҳкамлаш, уларни миллий армиямиз сафларида хизматга тайёрлаш, Ватанимиз тарихини, аждодларимизнинг бой мероси ва анъаналарини ўрганишига кўмаклашиш мақсадида ташкил этилди. Баҳсларда 11 жамоа қатор спорт турлари бўйича жисмоний тайёргарлиги, ҳарбий соҳага оид билим ва кўникмаларини синовдан ўтказди.

– Мусобақада ҳарбий соҳага оид билим ва жисмоний тайёргарлигимизни намойиш этдик, – дейди журналистика факультети жамоаси аъзоси Жасурбек Ашуров. – Олий ўқув юртимизда биз, ёшларнинг замонавий таълим олишимиз, жисмоний чиниқишимиз учун барча шароит яратилган. Шу билан бирга, дарсдан бўш вақтимизни самарали ўтказишимиз учун турли спорт мусобақалари мунтазам ташкил этилмоқда.

Университет ижтимоий фанлар факультетининг «Фидоийлар» жамоаси биринчи ўринни қўлга киритди. Математика факультетининг «Лочин» ҳамда геология ва география факультетининг “Бургут” жамоалари кейинги ўринларга муносиб кўрилди.

Тадбир сўнгида ғолиб ва совриндорларга эсдалик совғалари топширилди. Концерт дастури намойиш этилди.

Нурилло Насриев, ЎзА