ЎзА Ўзбек

05.02.2015 19:04 Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

Сара йигитлар хизматга отланди

Сара йигитлар хизматга отланди

Президентимиз Ислом Каримовнинг 2014 йил 26 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида”ги қарори асосида Тошкент шаҳар мудофаа ишлари бошқармаси йиғин пунктида муддатли ҳарбий хизматга чақирилган йигитларни тантанали кузатиш маросими бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши раиси, Олий Мажлис Сенати аъзоси И.Мирзаалиев, “Нуроний” жамғармаси республика бошқаруви раиси Э.Боқибоев ва бошқалар Юртбошимиз раҳнамолигида миллий армиямизни шакллантириш юзасидан амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарасида ҳар томонлама пухта ташкил этилган, тезкор, ҳаракатчан, замонавий қурол-яроғ ва техника билан таъминланган Қуролли Кучлар барпо этилганини таъкидлади.

Муддатли ҳарбий хизматга йўл олаётган ёш йигитларга мудофаа ишлари бошқармаси, жамоат ташкилотлари вакиллари, ота-оналар оқ йўл тилади.

– Ҳарбий соҳага қаратилаётган улкан эътибор туфайли кейинги йилларда армияга чақирилаётган йигитларни кузатиш маросимларини тантанали ўтказиш яхши анъанага айланди, – дейди Тошкент шаҳар мудофаа ишлари бошқармаси бошлиғи, подполковник Эргашали Тоштемиров. – Бундай маросимларни мазмунли, бир умр эсда қоладиган қилиб ўтказиш учун мудофаа ишлари бошқармаси, туман мудофаа ишлари бўлимлари чақирув ва йиғин пунктларида зарур шароит ва қулайликлар яратилди.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, армияда хизмат қилиш ёш авлодимиз учун алоҳида маъно-мазмунга эга бўлиб, унинг нуфузи тобора ортиб бормоқда. Бундай хизматнинг жозибадорлиги фақат яратиб берилаётган имтиёзлар ва ҳарбий хизматчиларнинг ижтимоий ва моддий жиҳатдан юқори даражада таъминлангани билангина боғлиқ эмас, албатта. Бу, авваламбор, армия ёш авлодимиз учун ҳақиқатан ҳам мардлик ва мустаҳкам иродани, юксак ватанпарварлик туйғусини, Ватанимизга севги ва садоқат ҳисларини тарбиялайдиган ҳаёт мактабига айлангани билан изоҳланади.

– Саккиз ёшимдан бокс билан шуғуланаман, – дейди Юнусобод тумани Отчопар маҳалласидан муддатли ҳарбий хизматга жўнаб кетаётган Абдулла Шарипов. – Мамлакат чемпионати ва халқаро турнирлар совриндори бўлганман. Тошкент радиотехника коллежини муваффақиятли тамомладим. Мақсадим, йигитлик бурчимни аъло даражада ўтаб, ота-онам бағрига ёруғ юз билан қайтиш.

Зиёдулла Жонибеков, Отабек Мирсоатов (сурат), ЎзА