ЎзА Ўзбек

11.04.2016 11:23 Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

“Сарҳад посбонлари” мусобақа ғолиби

“Сарҳад посбонлари” мусобақа ғолиби Термизда “Ёш чегарачилар” ҳарбий-ватанпарварлик мусобақасининг Сурхондарё вилояти босқичи бўлиб ўтди.

Президентимиз раҳнамолигида навқирон авлодни жисмонан ва маънан соғлом, юксак интеллектуал салоҳиятли инсонлар этиб тарбиялаш борасида амалга оширилаётган изчил ишлар ёшларни Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат ва миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида камолга етказишда муҳим омил бўлмоқда. Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати Давлат чегараларини ҳимоя қилувчи қўмита, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказиб келинаётган анъанавий "Ёш чегарачилар" мусобақаси ҳам ана шу мақсадларга хизмат қилмоқда.

Сурхондарё вилоятидаги 50 дан ортиқ академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида “Ёш чегарачилар” ҳарбий-ватанпарварлик клублари фаолият юритмоқда. Ёшларда ҳарбий-ватанпарварлик кўникмасини мустаҳкамлаш, уларнинг жисмоний, ижтимоий-сиёсий, ҳуқуқий тайёргарлигини ошириш, бўш вақтини мазмунли ташкил этишда муҳим аҳамият касб этаётган клубларда барча шароит яратилган. Клуб аъзолари билан моҳир чегарачилар иштирокида ўтказилаётган учрашувлар, ёшларнинг ҳарбий қисмларда бўлиб, чегарачилар ҳаёти билан танишаётгани ҳам уларнинг соҳага интилиш ва қизиқишини оширмоқда.

Жамоалар 12 шарт бўйича билим ва маҳоратини намойиш этди. Термиз шаҳридаги 1-академик лицейнинг “Сарҳад посбонлари” жамоаси биринчи ўринни эгаллади ва танловнинг мамлакат босқичига йўлланма олди.

Мусобақада иккинчи, учинчи ўринни эгаллаган жамоалар, “Президент асарлари билимдони”, “Инглиз тили билимдони”, “Энг яхши мураббий”, “Энг чаққон спортчи” каби номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланиб, муносиб тақдирланди.

Холмўмин Маматрайимов, Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА