ЎзА Ўзбек

11.01.2016 11:55 Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

Садоқат ва мардлик тимсоли

Садоқат ва мардлик тимсоли
12 январь – “Ватанга қасамёд” монументи очилган кун

Мустақиллик йилларида Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимиз мудофаа тизимида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Натижада жанговарлиги, тактик маҳорати жиҳатидан ҳеч кимдан кам бўлмаган тезкор ва ихчам, замонавий қурол-яроғ ва техника билан таъминланган миллий армиямиз шаклланди.

Бугун ҳарбий хизмат нафақат бурч, балки садоқат, матонат ва жасорат мактаби, миллий армиямиз эса мамлакатимиз ҳудудий яхлитлиги ва халқимиз осойишталигининг ишончли кафолатидир.

Президентимиз Ислом Каримов ғояси ва ташаббуси билан Тошкент шаҳрида барпо этилган «Ватанга қасамёд» монументи эл-юртимизнинг Ватан ҳимоячиларига чуқур ҳурмат-эҳтироми, муҳаббатининг ифодасидир. Бу гўзал мажмуада аскар давлатимиз байроғини кўзига суртиб, Ватан ҳимояси учун доимо тайёрлигини билдириб, тиз чўкиб қасамёд қилаётир. Унинг елкаси узра мард ва жасур ўғлонни бағрида авайлаб ўстирган Ватан тимсоли – мунис ва мўътабар она ҳарбий хизматга отланган фарзандини дуо қилиб, унга оқ йўл тиламоқда.

Биз орият ва ғурурни ҳамма нарсадан устун қўядиган, лафзи ҳалолликни шараф деб биладиган, бир сўзли халқмиз. Шундай экан, фарзандларимиз – Ватан ҳимоячиларининг қасамёд қабул қилиш маросими шунчаки расмий тадбир эмас. Бу асл ўғлонларимиз, мард ва жасур йигитларнинг ўз халқига, Ватанига, Президентига, ота-онасига бераётган ваъдаси, лафзидир.

"Ватанга қасамёд" монументи пойидан гулчамбарлар аримайди. Ватан ҳимоячилари куни байрами муносабати билан бу ерга ташриф буюрувчилар сафи янада кўпайган. Улар орасида йигитлик бурчини ўтаётган аскару офицерлар, олий ҳарбий таълим муассасалари курсантлари, умумтаълим мактаблари, лицей ва коллежлар ўқувчилари, олий ўқув юртлари талабалари, ота-оналар, пойтахтимиз меҳмонларини кўриш мумкин. 

– Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2012 йилда "Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсий фаолияти концепциясини тасдиқлаш тўғрисида"ги қонун қабул қилинди, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзоси Комила Каромова. – Бу мамлакатимизнинг узоқ йилларга мўлжалланган ташқи сиёсат стратегиясини белгилаб берувчи муҳим сиёсий ҳужжатдир. Унга кўра, Ўзбекистон тинчликсевар сиёсат олиб боради: ҳеч қандай ҳарбий блокка қўшилмайди, ўз ҳудудида чет давлатлар ҳарбий базаларини жойлаштирмайди, мамлакатимиз ҳарбий хизматчиларининг чет эллардаги ҳарбий операцияларда иштирок этишига йўл қўйилмайди.

– “Ватанга қасамёд” монументи пойига гул қўяр эканмиз, бизда ҳам ҳайкалда тасвирланган жасур аскардай юрт ҳимоячиси бўлиш истаги пайдо бўлди, – дейди пойтахтимизнинг Сергели туманидаги 277-умумтаълим мактаби ўқувчиси Шоҳрух Маҳмудов. – Келгусида жонажон Ватанимиз корига ярайдиган, жисмонан ва маънан баркамол инсон бўлишга ваъда берамиз.

Президентимиз Ислом Каримов “Ватанга қасамёд” монументи очилишига бағишланган маросимдаги нутқида таъкидлаганидек, “...бугун ҳаммамизга аён бўлиши керак – армиямизнинг кучига куч қўшадиган, вақти келганда, ҳал қилувчи омилга айланадиган қудратли бир восита борки, унинг номи – ҳарбийларимизнинг маънавий-руҳий тайёргарлиги, уларнинг бақувват ирода, фаол ҳаётий позицияга эга бўлиши, энг муҳими, ким учун ва нима учун ҳарбий бурчини адо этаётганини чуқур англаши ва тушуниши демакдир”.

“Ватанга қасамёд” монументи ёшларимизни она юртга меҳр-муҳаббат, садоқат, мардлик ва жасорат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Зеро, Ватанни кўз қорачиғидек асраш, уни ҳимоя қилиш мамлакатимизда яшаётган ҳар бир фуқаронинг муқаддас ва шарафли бурчидир.

Абдужалол Тайпатов, ЎзА