ЎзА Ўзбек

11.01.2016 14:02 Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

Раҳмат сизга, Ватан ҳимоячилари!

Самарқанд гарнизони офицерлар уйида Марказий ҳарбий округ сержантлар тайёрлаш мактаби курсантлари иштирокида “Таянчим ва суянчим, фахру ифтихоримсан, муқаддас Ватан!” шиори остида учрашув ўтказилди.

Президентимизнинг 2015 йил 9 декабрдаги “Ватан ҳимоячилари куни байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги фармойиши ижросини таъминлаш юзасидан республика ва вилоят тарғибот гуруҳлари томонидан ташкил этилган тадбирда мамлакатимиз Қуролли Кучларида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасида замонавий ҳарбий техника ва қурол-яроғ, малакали офицер мутахассислар билан таъминланган миллий армиямиз йил сайин такомиллашиб, салоҳияти юксалиб бораётгани алоҳида таъкидланди. Бунда юксак масъулият ва ҳушёрлик билан ўз бурчини адо этаётган Ватанимиз ҳимоячилари – ҳарбийларнинг алоҳида ўрни бор.

– Бугун дунёнинг турли минтақаларида ўзаро низолар, нотинчликлар кузатилаётган бир пайтда юртимизда тинчлик-осойишталик ҳукм сураётгани, иқтисодиётимиз барқарор ривожланиб, халқимиз фаровонлиги юксалиб бораётгани бизнинг катта бахтимиздир, – дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Нодира Маҳмудова. – Айниқса, биз оналар ҳар тонг фарзандларимизни ўқишга, ишга тинч-хотиржам кузатиб, кечқурун соғ-омон уйда кутиб олаётганимиз учун беҳад шукроналар айтамиз. Бунда мард ва жасур юрт посбонларининг хизмати беқиёс эканини яхши англаймиз ва улар билан фахрланамиз. Раҳмат сизга, Ватан ҳимоячилари!

Тадбирда таниқли шоир ва санъаткорлар томонидан Ватан, тинчлик ва дўстликни тараннум этувчи шеърлар ўқилди, қўшиқлар ижро этилди.

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА