ЎзА Ўзбек

10.07.2014 18:25 Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

Орзуинг ушалсин, Иброҳим

Орзуинг ушалсин, Иброҳим Мамлакатимиздаги барча ҳарбий таълим муассасаларида бўлгани каби Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юртида ҳам давлат тест синовлари ўтказилди.

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида Қуролли Кучларимиз тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда. Ёшларимизда эл-юрт осойишталиги, осмонимиз мусаффолиги, сарҳадларимиз дахлсизлиги йўлида хизмат қилиб, Ватан ҳимояси учун камарбаста бўлишга қизиқиш ва интилиш кучайиб бораётир. Миллий армиямиз сафларини интеллектуал салоҳияти юксак, дунёқараши кенг, Ватанга садоқатли, бир сўз билан айтганда, ҳар томонлама етук офицер кадрлар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2005 йил 19 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасида ҳарбий таълим тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармойиши бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юртида ҳаётини ҳарбий касб билан боғлаган ёшлар таълим олиб, ўзлари танлаган йўналиш бўйича етук мутахассис бўлиб етишиб чиқмоқда.

Жорий йилда ҳам ана шундай мақсадни ўз олдига қўйган абитуриентлар мазкур билим юртига ҳужжат топширди. Улар орасида навоийлик Иброҳим Асланов ҳам бор.

– Болалигимдан техника воситаларини бошқаришга қизиқаман, – дейди Иброҳим. – Йиллар ўтиши билан қизиқишим ошиб борди. Ушбу билим юртига ўқишга кириш учун жиддий тайёргарлик кўрдим. Орзуим – Қуролли Кучларимиз сафида Ватанга садоқат билан хизмат қилишдир.

ЎзА, Б.Ҳидоятов, Асқар Ёқубов (сурат)