ЎзА Ўзбек

05.06.2015 17:20 Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

Огоҳлик – осойишталик гарови

Бугунги кунда дунёда содир бўлаётган турли можаро ва тўқнашувларнинг кучайиши умумқўшин тузилмаларида қўшинларни бошқариш тизимининг таркибий қисмларини ривожлантириш истиқболларини белгилашда илғор хорижий давлатлар тажрибасини ўрганишни, мавжуд назарий қарашларни бойитиш ва такомиллаштиришни талаб этмоқда. Ўзбекистон Қуролли Кучлари таркибидаги қисм ва бўлинмаларнинг жанговар имкониятлари, куч-қудрати, ҳаракатчанлиги ва уларни бошқариш самарадорлиги ҳам сезиларли даражада оширилди.

Ўзбекистон Қуролли Кучлари академиясида илғор хорижий давлатлар армиялари умумқўшин тузилмаларида қўшинларни бошқариш тизимининг таркибий қисмларини ривожлантиришни ўрганиш мавзусида ташкил этилган илмий-амалий анжуманда шулар хусусида фикр юритилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа ва Ички ишлар вазирликлари, Давлат божхона қўмитаси олий ҳарбий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот муассасалари вакиллари иштирок этди.

Қуролли Кучлар академияси бошлиғи И.Илёсов ва бошқалар миллий армиямизда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасида Қуролли Кучларимизнинг замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техника билан таъминланиши, ҳарбийларимизнинг жисмоний-руҳий ва интеллектуал тайёргарлиги мамлакатимиз хавфсизлиги ва барқарорлиги, сарҳадларимиз дахлсизлигининг ишончли омили эканини таъкидлади. Шу билан бирга, доимий огоҳлик, сезгирлик осойишталикнинг муҳим гарови экани қайд этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Ислом Каримовнинг Қуролли Кучлар ташкил топганининг 23 йиллиги муносабати билан Ватан ҳимоячиларига йўллаган табригида ҳарбий қурилиш, қўшинларнинг хизмат-жанговар фаолиятини ташкил этиш соҳасидаги илғор хорижий тажриба ва замонавий ҳарбий санъат ютуқларини чуқур ўрганиш ва улардан фойдаланиш асосида ишлаб чиқилган, босқичма-босқич ва ўзаро боғлиқ ислоҳотлар дастурларини самарали ва изчил амалга ошириш армиямизни ташкил этишнинг кўп жиҳатдан ҳал қилувчи шарти ва гарови бўлиши таъкидланган. Бу борадаги ишларни изчиллик билан давом эттириш, ҳарбий-илмий изланишларни чуқурлаштириш мамлакатимиз мудофаа қобилияти, Қуролли Кучларимиз жанговар шайлигини янада оширишга хизмат қилади.

Анжуманда академия тингловчиларининг профессионал тайёргарлик даражаси, ижодий фикрлаш қобилиятини кучайтириш, мустақил иш олиб бориш ва қўшинларда ҳарбий-илмий ишларни ташкил этиш кўникмаларини такомиллаштириш, илғор хорижий давлатлар армиялари умумқўшин тузилмалари тажрибасида қўшинларни бошқариш тизимини ривожлантириш бўйича билимларини ошириш, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларини янада ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари борасида фикр алмашилди.

Зиёдулла Жонибеков, ЎзА