ЎзА Ўзбек

22.06.2015 19:31 Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

Офицерлик – шарафли касб

Офицерлик – шарафли касб Жиззах олий ҳарбий авиация билим юрти битирувчиларига диплом ва кўкрак нишонлари топшириш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги, Жиззах вилояти ҳокимлиги, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди, «Нуроний» жамғармаси вилоят бўлимлари, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши вакиллари, битирувчиларнинг ота-оналари иштирок этди.

Президентимиз ташаббуси билан мустақиллигимизнинг дастлабки йилларида ташкил этилган ушбу олий ҳарбий таълим муассасасининг мамлакатимиз Қуролли Кучларига етук ҳарбий мутахассислар тайёрлаб беришда муносиб ўрни бор. Билим юртини битириб чиқаётган авиация муҳандислари, учувчилар мамлакатимиз тинчлиги ва сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлаш, давлатимиз мудофаа қудратини оширишда ўз бурчини шараф билан адо этиб келмоқда.

– Ўғлим Улуғбек бугун ушбу олий ҳарбий таълим муассасасини битириб, офицер сифатида Қуролли Кучларимизга йўл олаётганидан жуда бахтиёрман, – дейди Самарқанд вилояти Булунғур туманидан келган Ҳусан Мелибоев. – Мустақиллик туфайли Ватан ҳимоячиси мақоми юксалиб, ҳарбий хизмат шарафли касбга айланди. Бугунги ёшларимиз ана шу касб масъулиятини тўлиқ англаб, ҳарбийликни танлаётгани тинчлик ва осойишталигимиз барқарорлигининг кафолатидир. Юртимизнинг мусаффо осмонини қўриқлаётган само лочинлари сафида менинг ўғлим ҳам борлигидан фахрланаман.

Тадбир таниқли санъаткорлар ва ёш ижрочиларнинг концерт дастури билан якунланди.

Тошқул Бекназаров, Шерзод Назаров (сурат), ЎзА