ЎзА Ўзбек

23.06.2015 16:56 Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

Офицерлар хизматга йўл олмоқда

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг олий ҳарбий таълим муассасалари битирувчиларига диплом ва кўкрак нишони топшириш ҳамда офицерлик унвонини беришга бағишланган тантанали тадбирлар давом этмоқда. Тошкент ахборот технологиялари университетининг махсус факультетида ҳам шундай тадбир ўтказилди.

Президентимиз раҳнамолигида миллий армиямизда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани туфайли бугун офицер кадрлар тайёрлашнинг самарали тизими шакллантирилди. Қуролли Кучларимиз юксак интеллектуал салоҳиятли, замонавий касб кўникмаси ва ташкилотчилик қобилиятига эга офицерлар билан таъминланмоқда.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари Ш.Норматов, Тошкент ахборот технологиялари университети ректори Х.Муҳиддинов ва бошқалар бу ҳақда алоҳида таъкидлади.

Тошкент ахборот технологиялари университети махсус факультетининг фаолияти телекоммуникация ва радиотехнологиялар соҳасида ҳарбий мутахассислар тайёрлашга йўналтирилган. Бу ерда ахборот-коммуникация ва компьютер технологияларидан фойдаланган ҳолда ўқитишнинг энг замонавий услуб ва шакллари жорий этилган, ёшларга юқори малакали ўқитувчилар сабоқ бераётир.

Тадбирда давлатимиз ёшларга, уларнинг замонавий билим олиши ва ҳар томонлама етук мутахассис бўлиб етишиши учун кўрсатаётган ғамхўрликка муносиб бўлиш ҳар бир офицернинг бурчи экани қайд этилди. Битирувчиларга Қуролли Кучлар сафидаги ҳарбий хизмат давомида муваффақиятлар тиланди.

Тадбир эстрада артистлари иштирокидаги концерт билан якунланди.

Муҳаммад Қаршибоев, ЎзА