Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

15.06.2015 16:30

Офицерлар хизматга йўл олди

Офицерлар хизматга йўл олди Мамлакатимизда ички ишлар тизимини ислоҳ қилишга қаратилган чора-тадбирлар ўз самарасини бермоқда. Жиноятчиликка қарши курашишнинг замонавий усул ва воситаларидан кенг фойдаланган ҳолда жамоат хавфсизлиги, фуқаролар осойишталигини таъминлаш тизими мустаҳкам қарор топгани шу мақсадга хизмат қилаётир.

Соҳани юксак малакали, профессионал кадрлар билан таъминлаш доимий эътиборда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академияси, Ёнғин хавфсизлиги олий техник мактаби, Тошкент олий ҳарбий-техник билим юртида ана шундай кадрлар тайёрланмоқда.

Айни кунларда мазкур даргоҳларда ўқишни тамомлаётган ёшлар халқимиз осойишталигини сақлашдек муқаддас бурчини адо этишга йўл олаётир.

Тошкент олий ҳарбий-техник билим юртида навбатдаги битирув тантанаси бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири А.Аҳмадбоев, Тошкент олий ҳарбий-техник билим юрти бошлиғи Ҳ.Маматов ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда кадрлар тайёрлашнинг миллий модели яратилгани барча соҳа ва тармоқлар учун юксак малакали мутахассислар тайёрлашда муҳим омил бўлаётганини таъкидлади. Бунда соҳага ихтисослашган таълим муассасалари, академияларнинг моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, кадрлар тайёрлашнинг замонавий тизими шакллантирилгани алоҳида аҳамият касб этаётир.

Тошкент олий ҳарбий-техник билим юртида курсантларнинг билим олиши, жанговар машғулотларни юқори савияда ўтказиш учун барча шароит яратилган. Таълим жараёни янги давлат стандартлари, замонавий ахборот ва илғор педагогик технологияларни қўллаган ҳолда, намунавий ўқув режалари асосида олиб борилмоқда. Ихтисослаштирилган моделлаштириш ва симуляция марказида курсантлар махсус компьютер технологиялари ёрдамида жанговар вазиятларга максимал яқинлаштирилган шароитларда тажриба оширади. Мукаммал спорт базасида нафақат жисмонан, балки руҳан тетик курсантлар тарбияланмоқда.

Буларнинг барчаси ҳар томонлама пухта тайёргарликка эга офицерлар тайёрлашга хизмат қилаётир. Билим юрти битирувчилари махсус иншоотларни қўриқлаш ва қонунбузарликлар содир этилишининг олдини олиш, хавфсизликни таъминлаш борасида самарали фаолият юритмоқда.

Норгул Абдураимова, Темур Мамадаминов (сурат), ЎзА