ЎзА Ўзбек

16.02.2016 12:16 Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

Оқ йўл сизга, йигитлар!

Оқ йўл сизга, йигитлар! Президентимизнинг 2015 йил 23 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида”ги қарори асосида Сурхондарё вилоятида ҳам йигитларни муддатли ҳарбий хизматга тантанали кузатиш маросимлари юқори савияда ўтказилмоқда.

Сурхондарё вилояти мудофаа ишлари бошқармасида бўлиб ўтган шундай тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, фахрийлар ҳамда чақирилувчиларнинг ота-оналари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзоси Рустам Комилов, Қумқўрғон тумани ҳокими ўринбосари, туман хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулфия Бадалова ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида Қуролли Кучлар тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар сарҳадларимиз дахлсизлиги, Ватанимиз тинчлиги ва халқимиз осойишталигини таъминлашда юксак самаралар бераётганини таъкидлади.

Термиз туманининг Чегара маҳалласидан муддатли ҳарбий хизматга чақирилган Сардорбек Ибодуллаев ўтган йили Термиз ахборот технологиялари ва маиший хизмат касб-ҳунар коллежини аъло баҳоларга тугатди. Ўқиш давомида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини пухта ўзлаштирди, спорт билан мунтазам шуғулланди. Чақирув мавсумида жисмоний тайёргарлик ва тест синовларидан етарли балл тўплаб, муддатли ҳарбий хизматга муносиб топилди.

– Бугун жудаям хурсандман. Айниқса, эгнимда аскарлик либосини кўрган ота-онам, яқинларим қувончини кўриб кучимга куч қўшилди, – дейди Сардорбек. – Ватан ҳимоячилари сафига қўшилаётганимдан фахрланаман.

Муддатли ҳарбий хизматга йўл олган ёшлар орасида келгуси ҳаётини ҳам шу соҳага бағишлашни кўзлаган мард, жасур ўғлонлар сафи кенгайиб бормоқда. Қумқўрғон туманидан муддатли ҳарбий хизматга чақирилган Жўрабек Мамасоатов улардан бири.

– Неварамни муддатли ҳарбий хизматга кузатишга келган эдим. Маросимнинг бундай байрамона ўтказилиши хизматга кетаётган йигитларнинг ҳам, ота-оналарнинг ҳам кўнглини тоғдек кўтаради, – дейди Жўрабекнинг бобоси Парда Мамасоатов. – Юртбошимиз раҳнамолигида ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларига кўрсатилаётган эътибор одамларда ҳарбий хизмат ва унга муносабатни ўзгартирди. Энди ота-оналар фарзандини армияга жўнатиш пайида бўлмоқда. Чунки армия йигитнинг иродасини тоблайди, мустақил фикрлашга ўргатади. Неварам муддатли ҳарбий хизматни ўтагач, фаолиятини шу соҳада давом эттирмоқчи. Илоҳим, ниятига етсин.

Тадбирда муддатли ҳарбий хизматга йўл олаётган йигитларга совға-саломлар топширилди.

Холмўмин Маматрайимов, Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА