ЎзА Ўзбек

22.06.2015 19:11 Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

Оқ йўл сизга, офицерлар!

Оқ йўл сизга, офицерлар! Самарқанд олий ҳарбий автомобиль қўмондонлик-муҳандислик билим юртининг навбатдаги битирувчиларига диплом ва кўкрак нишонлари топширилди.

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзоси Фаррух Дадахўжаев, Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазирининг ўринбосари Музаффар Солиев ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимиз Қуролли Кучлари тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида миллий армиямиз учун юқори малакали офицер кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Қуролли Кучларимиз учун автомобиль бўлинмалари тактик қўмондонлиги, муҳандислик қўшинлари тактик қўмондонлиги, фронторти таъминоти тактик қўмондонлиги каби йўналишлар бўйича офицер кадрлар тайёрловчи Самарқанд олий ҳарбий автомобиль қўмондонлик-муҳандислик билим юртида ҳам курсантларнинг замон талаблари даражасида билим олиши, касб кўникмасини эгаллаши учун барча шароит ва имкониятлар яратилган. Назарий ва амалий машғулотларни олиб боришга ихтисослашган махсус хоналар ва ахборот технологиялари, замонавий ҳарбий техника ва жиҳозлар, спорт заллари ва ахборот-ресурс маркази ҳарбийликни танлаган ёшларнинг ўз соҳасининг етук мутахассиси бўлиб етишишига хизмат қилмоқда.

– Ўзим ҳам ҳарбий хизматчи бўлганим учун бу касбнинг шараф ва масъулиятини яхши биламан, – дейди Юсуфжон Тўрақулов. – Шунинг учун ўғлим Акбаржон шу соҳани танлаганида бу ҳақда айтганман. Тўрт йиллик ҳарбий таълим унинг ўзига бўлган ишончи ва қатъиятини мустаҳкамлади. Бугун ўғлимни офицерлик либосида кўриб, кўнглим тоғдек ўсди. Унинг Ватанимиз ва халқимиз олдидаги қасамёдига содиқ қолиб, ўз хизмат бурчини шараф билан адо этишига ишонаман.

– Болаликда кўпчиликда ҳарбийликка ҳавас бўлади, – дейди лейтенант Юсуф Аъзамов. – Аммо ҳавасни мақсадга айлантириб, унга эришиш барчага ҳам насиб этавермайди. Бугун мақсадимга эришиб, Ватан ҳимоячисига айланганимдан хурсандман. Асосий мақсадим бор билим ва маҳоратимни ишга солиб, халқимиз ишончини оқлаш, мард ва жасур ҳарбий сифатида жонажон Ватанимиз тинчлиги ва осойишталигини сақлашга муносиб ҳисса қўшишдир.

Тадбир якунида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг Марказий ашула ва рақс ансамбли концерт дастури ҳамда билим юрти курсантларининг кўргазмали чиқишлари намойиш этилди.

Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат), ЎзА